Вазирлар Маҳкамасининг 6 ноябрдаги «Олтин давр» халқаро мусиқа ярмаркасини ташкил этиш тўғрисидаги қарори ҳамда унинг низоми қабул қилинди.

Ҳужжатга кўра, 2021 йилдан республикада ташкил этиладиган халқаро мусиқа анжуманлари ва фестиваллари доирасида «Олтин давр» халқаро мусиқа ярмаркаси ўтказилади.

Ярмарка доирасида асосий эътибор хорижий продюсер ва промоутерлар, санъат соҳасидаги халқаро ташкилотлар вакилларини жалб этишга қаратилади. Шунингдек, хорижий давлатларнинг мусиқий асбоб-ускуналарини ишлаб чиқарувчи етакчи корхоналарининг текник ва мосламалари, ўзбек ҳунарманд усталари томонидан тайёрланган чолғу созлари намойиши ташкил этилиши ва ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилиши кўзда тутилган.

Ярмарка халқаро ярмаркалар ва музокаралар тажрибалари асосида ишбилармонларнинг ўзаро келишуви (В2В), ишбилармон ва истеъмолчи (В2С) ҳамда бошқа мулоқот форматларида ташкил этилади.

Низомга кўра, ярмарка «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали, Халқаро мақом санъати анжумани, Халқаро бахшичилик санъати фестивали ҳамда келгусида ташкил этиладиган мусиқий тадбидлар доирасида ўтказилиши белгиланмоқда.

Ярмаркада иштирок этиш бўйича мурожаат қилган шахсларга тадбир ўтказилаётган ҳудуддан 3,5×4 метр ўлчамдаги майдон ажратилади. Иштирокчилар белгиланган ҳудудларда ўз хизматлари, стендлар, фолоальбомлар, фото, аудио ва видео тақдимотлар, баннер ва флайерлар орқали тарғиб қилишлари мумкин.

Маҳаллий иштирокчиларнинг ички транспорт, овқатланиш, меҳмонхона харажатлари ташкилотчи томонидан қопланади.