Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларини касб байрами — Тиббиёт ходимлари куни билан муборакбод этди.

«Аввало, ўз ҳаётини эл-юрт саломатлигини асрашдек ғоят масъулиятли ва шарафли ишга бағишлаган сиз, азизларни касб байрамингиз — Тиббиёт ходимлари куни билан чин қалбимдан самимий табриклаб, барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдиришдан мамнунман.

Халқимиз сизларни дунёдаги энг улуғ касб эгалари, муқаддас қасамёдига содиқ, ўз ишига фидойи инсонлар деб билади ва машаққатли меҳнатингизни юксак қадрлайди.

Айниқса, ҳозирги мураккаб пандемия шароитида чинакам саломатлик посбонлари бўлиб майдонга чиқаётганингиз ҳар қандай таҳсин ва тасанноларга муносибдир. Ушбу хавфли касалликка чалинган минг-минглаб юртдошларимизнинг шифо топиб, оиласи бағрига қайтаётганида, ҳеч шубҳасиз, сизларнинг беқиёс хизматларингиз бор.

Фурсатдан фойдаланиб, бу машаққатли курашнинг олдинги сафларида туриб, ўз ҳаётини хавф-хатарга қўйиб, жасорат ва матонат намунасини кўрсатиб келаётган барча тиббиёт ходимларига ўз номимдан, бутун халқимиз номидан яна бир бор чуқур миннатдорлик билдираман", — деди Шавкат Мирзиёев.

Табрикда шунингдек, 2020 йил Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими учун мислсиз синов, айни вақтда изчил ривожланиш, янги тажриба орттириш йили бўлгани таъкидланган.

Соҳа ривожи учун давлат бюджетидан 14,8 триллион сўм, 2019 йилга нисбатан 1,2 баробар кўп маблағ ажратилгани, шунингдек, Инвестиция дастурига мувофиқ ушбу тизимга 1,15 триллион сўм маблағ йўналтирилгани мавжуд қийинчиликларга қарамасдан, катта ишларни амалга ошириш имконини бергани қайд этилган.

Президент қутловида ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар бугун ижобий натижа бераётгани алоҳида таъкидланган. Шу билан бирга, соҳада сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар қаторида эришилган ижобий натижалар ҳақида ҳам сўз боради. Асосий эътибор кадрлар тайёрлаш масаласига қаратилган.

Маълум қилинишича, бу борада 2020 йилда тиббиёт йўналишидаги олий ўқув юртларига қабул квоталари бакалавриат босқичи учун 27 фоиз, магистратура йўналишида 28 фоиз ва клиник ординатура тизимида 22 фоизга оширилган. Шунингдек, ҳозирда Германия, Италия, Россия, Корея Республикаси, Туркия, Беларусь, Украина каби давлатларнинг олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда талабалар зарур мутахассисликлар бўйича қўшма таълим дастурлари асосида ўқитилмоқда.

«Бутун халқимиз қатори бугунги оғир синовлардан мардона ўтаётган, замонамизнинг чинакам қаҳрамонлари бўлган сиз, тиббиёт ходимлари ана шундай масъулиятли вазифаларни адо этишда фаол иштирок этиб, барчага ўрнак ва намуна бўласизлар, деб ишонаман. Қўлингиз дард кўрмасин, ҳамиша соғ-омон бўлинг, азиз шифокорлар!» — дейилади президент табригида.

Аввалроқ, давлат раҳбари раислигида соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилгани ҳақида хабар қилгандик. Президент унда хорижий тажриба асосида умумий амалиёт шифокори оилавий шифокорга айлантирилиши ҳамда 2021 йилдан бошлаб болаларга витамин ва йод препаратлари текинга тарқатилишини таъкидлаган эди.