Вазирлар Маҳкамасининг 6 ноябрдаги қарори билан расмий статистикани ишлаб чиқувчиларнинг статистика методологияларини аудитдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Ҳужжатга мувофиқ, аудит Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган кўп йиллик ва йиллик статистика дастурларига киритилган расмий статистикани ишлаб чиқувчиларда ўтказилади.

Ишлаб чиқувчининг статистика методологияларини аудитдан ўтказиш Давлат статистика қўмитаси (Қўмита) томонидан ҳар йили тасдиқланадиган режа-жадвалга асосан ташкил этилади.

Аудитнинг мақсади Қўмитадан ташқари бошқа ишлаб чиқувчи томонидан фойданилаётган статистика методологияларини халқаро стандартларга мувофиқлиги юзасидан баҳолаш ҳамда уларни янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

Низом билан аудитдан ўтказиш ҳар 5 йилда камида бир марта амалга оширилиши белгиланмоқда. Ўтказишнинг умумий муддати 3 ойдан ошиши мумкин эмас.

Аудит натижасига кўра далолатнома тузилади ҳамда аудит давомида аниқланган камчиликларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

Қўмита томонидан ишлаб чиқувчига ушбу камчиликларни бартараф этиш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритилади.

Ишлаб чиқувчи тақдимномада келтирилган муддатларда камчиликларни бартараф этиши ва қўмитага маълумот бериши белгиланди.