Президент раислигида ўтаётган видеоселекторда тиббиётнинг бирламчи бўғинидаги муаммолар таҳлил қилинмоқда. Давлат раҳбари умумий амалиёт шифокорини ҳақиқий оилавий шифокорига айлантирилишини таъкидлаган.

«Газета.uz» мухбири хабар қилишича , йиғилишда 2019 йилги ўлим ҳолатларининг 60 фоизи шу бўғинда олдини олиш мумкин бўлган юрак-қон томир касалликлари ҳисобига тўғри келгани айтилган. Шунингдек, онкология йўналишидаги беморларнинг ярмида касаллик иккинчи ва учинчи босқичга ўтиб бўлганидан кейин аниқланмоқда.

Қишлоқ врачлик пунктининг умумий амалиёт шифокори зиммасига 146 турдаги касалликка диагноз қўйиш ва даволаш, 213 турдагисига бирламчи диагноз қўйиш ва йўлланма бериш, шунингдек, реабилитация, диспансеризация ва профилактика бўйича жуда кўп вазифалар юклатилган.

Шу боис давлат раҳбари қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалардаги тиббий хизмат тизими, шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимларининг вазифа ва функцияларини тўлиқ қайта кўриб чиқиш зарурлигини айтди.

Илғор хорижий тажриба асосида умумий амалиёт шифокори ҳақиқий оилавий шифокорга айлантирилади. Уларга ёрдам бериш учун терапия, педиатрия, акушерлик ва патронаж бўйича тиббиёт бригадалари ташкил этилади. Бу бригадалар ўзларига бириктирилган оилалар кесимида «тиббий харита"лар шакллантириб, манзилли иш олиб боради. Аҳолининг саломатлик ҳолати баҳоланиб, электрон базаси яратилади. Бунинг учун тиббиёт ходимлари планшет, мобил диагностика воситалари билан таъминланади.

5 ёшгача бўлган болалар, ҳомиладор, туғиш ёшидаги ва 35 ёшдан ошган аёллар, 40 ёшдан ошган шасхлар доимий назоратга олиниб, скрининг текширувлари ўтказилади. Касалликка мойил бўлганлар индивидуал патронажга олинади.

Бунда, ортиқча вазн, юқори қон босими бор, қандли диабет, инфаркт, инсульт, онкологик ва бошқа ижтимоий касалликларга мойил бўлганларнинг алоҳида рўйхати юритилиб, улар индивидуал патронажга олинади. Бундан буён, бепул тиббий ёрдам учун тор соҳа шифокорлари, туман (шаҳар), вилоят ва республика шифохоналарига йўлланмани оилавий шифокор беради. Шунингдек, бепул тарқатиладиган дориларга рецепт бериш ҳам оилавий шифокорларга юклатилади.

Маҳалладаги аҳолининг саломатлик кўрсаткичлари, ҳудуддаги касалликларнинг ўсиши, аҳолининг шифохоналарга ётиши ва тез ёрдамга мурожаатига қараб оилавий шифокорлар фаолиятига баҳо берилади.

«Бизда ким хоҳласа йўлланма бераверади. Умумий амалиёт шифокорига ҳурмат йўқ, у вазиятни билиши керак-ку… Агар коронавирус пандемиясининг дастлабки уч ойида антибиотиклар берилмаганда, биз кўплар одамларни қутқаришимиз мумкин эди. Қишлоқ жойларда энг қиммат антибиотикларни беришган», — деди президент.

Оилавий шифокорларнинг фаолияти аҳоли саломатлиги кўрсаткичига, ҳудудлардаги касалликларнинг ўсишига, касалхоналарга жойлаштирилиши ва шифохоналарга мурожаатларга қараб баҳоланади.