31 октябрь куни соат 22:00 да Тошкент вилоятида 36 ёшли Ж.П., ўзининг жиноий шериклари 36 ёшли А.И. ва 51 ёшли Б.А.лар билан биргаликда босқинчилик содир этган, дея хабар бермоқда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.

Улар бир гуруҳга бирлашиб, қора рангли мато билан юзларини яширган. Шундан сўнг эгнига «Миллий гвардия» ҳарбий кийимини кийиб, резина таёқча ва қўл кишани ҳамда пневматик ўқ отар қурол билан қуролланган ҳолда, А.И.нинг бошқарувидаги «Matiz» русумли автомашинада Тошкент тумани, Тутзор маҳалласи, Нурмакор кўчасига етиб келган.

Мазкур кўча бўйлаб «Lacetti» русумли автомашинасида уйига келаётган, 47 ёшли У.Р.ни йўлини тўсиб, унга ҳаёт ёки соғлиғи учун хавфли бўлган зўрлик ишлатишган ва қўлларини орқа тарафга қайирган ҳолда кишанлаб, босқинчилик содир этишган. Босқинчилар фуқаро У.Р.ни автомашинасининг орқа ўриндиғига ўтказиб, олиб кетмоқчи бўлишган вақтида ИИБ ходимлари томонидан қўлга олиниб, улардан қўл кишани, резина таёқ, пневматик ўқ отар қурол, «Миллий гвардия» хизмат кийими ва ниқоблар ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Ҳодиса жойини кўздан кечириш жараёнида, «Matiz» русумли автомашина салонидан, Ж.П., А.И. ва Б.А.,лар томонидан қонунга хилоф равишда қўлга киритилган, «01Р376СВ» ва «10Е488LA» давлат рақам белгилари мавжудлиги аниқланиб, ушбу давлат рақамлари тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан фуқаролар Ж.П., А.И. ва Б.А.,ларга нисбатан Жиноят кодексининг 227-модаси 1-қисми (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) ва 164-моддаси 2-қисми «а,б» банди (босқинчилик) билан жиноят иши кўзғатилган.

Дастлабки тергов жараёнида, юқоридаги фуқароларга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.