Тожибоев Анваржон Йўлдошевич «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси директори вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди, дея хабар берди муассаса матбуот хизмати. Тайинлов ҳақида 4 ноябрь куни маданият вазири Озодбек Назарбековнинг «Ўзбекконцерт» ходимлари билан бўлиб ўтган онлайн-йиғилишида эълон қилинган.

Тайинловгача Анваржон Тожибоев Маданият вазирлиги концерт-томоша фаолиятини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаб келаётган эди. Эндиликда у ушбу икки лавозимда фаолият олиб боради.

Анваржон Тожибоев фаолияти давомида «Ёшлар» телерадиоканали «Маънавият» бош муҳарририяти муҳаррири, «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси Бош директор ёрдамчиси, «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси Концерт-томоша фаолиятини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари ва Маданият ва спорт ишлари вазирлигида турли лавозимларда иш олиб борган.

Маълумот учун, июнь ойида «Ўзбекконцерт» ни 2017 йил октябридан бери бошқариб келаётган Одилжон Абдуқаҳҳоров ўз лавозимини тарк этди. Ундан кейин «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси директори вазифасини вақтинча бажариб келган Алишер Жамолиддинов директорнинг ижодий масалалар бўйича ўринбосари сифатида ўз иш фаолиятини давом эттиради.