3 ноябрда бошланган Америка Қўшма Штатларидаги президентлик сайлов натижаларини аниқлаш жараёни кизғин тус олиб бормоқда.

Байден энг аҳамиятли ҳисобланган Висконсин ва Мичиган штатларида ғолиб бўлди, дея хабар бермоқда РИА Новости. Энди у 264 сайловчилар коллегияси овозига эга (ғолиб бўлиш учун). Сайловчилар овози сони бўйича демократлар олдинда (50,4% Байден, Трамп 48%)

Дональд Трампнинг вакиллари Висконсин ва Мичиган штатларидаги сайловчилар овозини ҳисоблаш бўйича шикоят қилишларини маълум қилишди.

4 штатда — Пенсильвания, Шимолий Каролина, Жоржия ва Невада штатларида овозларни ҳисоблаш жараёни якунланаяпти. Ҳозирга қадар Пенсильвания, Шимолий Каролина ва Жоржия штатларида Трамп етакчилик қилмоқда. Байденга керакли 6 та овозни бериши мумкин бўлган Невадада демократлар номзоди Трампдан илгарилаб кетди.

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти АҚШда ўтаётган сайловларни баҳолаш чоғида сайлов яхши ташкиллаштирилгани ва почта орқали овоз бериш пайтида қонунбузарликлар бўлмаганлиги, Трампнинг сохталаштириш ҳақидаги сўзлари асоссиз эканлигини таъкидлаб ўтди.

Олдинроқ, Иллионойс университети сиёсий фанлар докторанти Икромжон Тўхтасунов «Газета.uz»га АҚШда президент сайловлари қандай кечиши, сайловларда ким овоз бера олиши, сайловчилар коллегияси нималиги ва президентликни қўлга киритиш учун қанча овоз тўплаш керак эканлиги ҳақида сўзлаб берган эди.