Даниядаги қоракузанларда (норка) мутацияга учраган коронавирус аниқланди. Шу сабабдан 1139 та фермер хўжалигидаги 15−17 млн жонивор йўқ қилинади, деди Дания бош вазири Метте Фредериксен. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.

Мутацияга учраган SARS-CoV-2 коронавирусини юқтириш ҳолатлари кузатилганидан сўнг, Дания ҳукумати мамлакат фермер хўжаликларидаги барча қоракузанларни йўқ қилишга қарор қилди. Бу ҳақда 4 ноябрь куни бош вазир Метте Фредериксен матбуот анжумани пайтида маълум қилди.

Қоракузанларда аниқланган мутацияга учраган коронавирус одамлар орасида тарқалмоқда ва антитаначалар ҳосил қилиш қобилиятини пасайтирмоқда, деди Фредериксен. Бундан ташқари, мутацияга учраган коронавирус инфекцияга қарши эмлаш учун бироз муаммо туғдиради.

Дания ҳукумати қоракузан фермаларида вируснинг янги турини юқтириб олиш бўйича 5 та ҳолат ва одамлар орасида 12 та ҳолат қайд этилганини айтди.

Дания норка мўйнаси ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги энг йирик давлат ҳисобланади. Мамлакатда 1139 та норка фермер хўжалиги фаолият юритмоқда, уларнинг таркибида жами миқдори 15−17 млн бош жонивор парвариш қилинмоқда. Дания маъмуриятининг маълумотларига кўра, коронавирус 200 дан ортиқ фермер хўжаликларида қайд этилган, улардан 67 таси аллақачон барча ҳайвонларни йўқ қилган.

Ҳукумат ҳисоб-китобларига кўра, 15 млн қоракузанни ўлдириш мамлакатга 5 млрд крона (785 млн доллар) миқдорида зарар етказиши мумкин, дея таъкидлади Associated Press.

Июнь ойи бошида худди шундай қарорни Нидерландия ҳукумати ҳам қабул қилган эди. Испанияда ҳам янги штамм аниқлангач, 100 мингта қоракузан йўқ қилинганди. ЖССТ Дания мутасаддиларидан мутацияга учраган коронавируснинг қоракузандан одамга юқиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотларни сўрамоқда.