Фарғона вилоятида «Евро 4» ва «Евро 5» стандартидаги дизел ёнилғисини ишлаб чиқариш бошланди. «Газета.uz» мухбирининг хабар беришича, энергетика вазири ўринбосари Беҳзот Нарматов, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, Jizzakh Petroleum бош директори Шокир Файзуллаев ҳамда Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи директори Хабиб Латипов ушбу жараённи бошлаш учун рамзий старт тугмасини босишди.

Инвестициявий лойиҳанинг умумий қиймати 300 млн АҚШ долларини ташкил этади.

5 ноябрдан заводда «Евро 4» ва «Евро 5» дизель ёнилғисини ишлаб чиқаришга мўлжалланган ГДС блокининг (дизел ёнилғисини гидро-сулфатизация қилиш технологик қурилмаси) тантанали равишда ишга туширилди.

Ушбу лойиҳа доирасида 1999 йилда фойдаланишга топширилган ГДС блоки қурилмасининг мавжуд катализаторини замонавий ва юқори самарадор бўлган катализаторларга алмаштириш мақсадида Франциянинг Axens компанияси билан катализатор ишлаб чиқариш ва етказиб бериш бўйича шартнома имзоланган. Қурилма «Тойо инжиниринг корпорейшн» (Япония) томонидан қурилган бўлиб, унинг лойиҳавий қуввати йилига 1 700 000 тоннани ташкил этади.

Ўзгаришлар ўз навбатида заводда ишлаб чиқарилаётган Евро 2 дизел ёнилғиси сифатини келгусида Евро 4 ва Евро 5 стандартлари талаблари даражасига ошириб, олтингугурт чиқиндиларини камайтиришга, экспорт имкониятларини кенгайтиришга ва толлинг (қайта ишлаш) операцияларининг жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.

2030 йилгача ҳом-ашё ҳажмини 2 млн тоннагача етказиш, ички ва ташқи бозорга «Евро 5» стандарти андозасидаги 520 минг тонна автобензин ва 640 минг тонна дизель ёқилғиси, қўшимча 200 минг тонна Jet A-1 русумли авиаёнилғисини етказиб бериш ҳамда чуқур қайта ишлашни 82−84 фоиздан 92 фоизгача ошириш кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойи бошида Бухорода «Евро-4» ва «Евро-5» дизель ёнилғилари ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, дизель нархи бир неча бор туширилган эди.