Молия вазирлиги Давлат бюджетининг тушумлари ҳамда иш ҳаки даражасининг динамикасини тақдим этди.

Иш ҳақи даражасининг динамикасига кўра, меҳнат бозори коронавирус пандемияси билан боғлиқ карантин чекловлари таъсиридан аста-секин тикланмоқда.

Иш ҳақи миқдорига келсак, январь-август ойларида ўзгаришлар асосан 1 млн сўмгача иш ҳақи олувчилар сони (48,3 фоиздан 42,8 фоизгача) 5,5 фоизга камайиши кузатилмоқда. Бунга 1 млн дан кам пул ишловчиларнинг қисми 2 млн дан 4 млн сўмгача иш ҳақи олувчилар гуруҳига ўтиши сабаб бўлди. 2 млн дан 4 млн сўмгача иш ҳақи олувчилар сони 16,3 фоизан 20,5 фоизгача ошди.

Август ойи якунлари бўйича 4 млн дан 5,5 миллион сўмгача иш ҳақи олувчилар сони 190 261 нафарга (4,6%), 5,5 млн сўмдан ва ундан юқори олувчилар сони 249 233 нафарга тенг бўлди (6%).


Эслатиб ўтамиз, карантин жорий этилиши натижасида шахсий даромад солиғини тўлайдиганлар сони 500 мингга камайди, жумладан февралдаги 4,24 миллион кишидан апрелда 3,74 миллион кишига.

Июль ойидаги чекловлар шахсий даромад солиғини тўлайдиганлар сонига яна таъсир кўрсатди, аммо унчалик катта бўлмаган, уларнинг сони 40,4 мингга камайди (жами 4,12 млн киши). Aвгуст ойида вазият яна барқарорланиши кузатилмоқда 4,13 млн киши иш ҳақидан солиқ тўлашди. Бу февраль ойидаги кўрсаткичидан кам.

4,13 миллион кишидан иборат жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлайдиганлар сони жами аҳолининг 12 фоизини (34,3 миллион) ёки иқтисодий фаол аҳолининг 28,1 фоизини ташкил этади (июль ҳолатига кўра 14,68 миллион).

Аввалроқ хабар берганимиздек, январь-июнь ойларида Ўзбекистоннинг иқтисодий фаол аҳолиси орасида ишсизлик даражаси 13,2% ни ташкил этган эди. 2019 йилнинг биринчи ярмида бу кўрсаткич 9,1% ни ташкил этган.