2020 йилнинг январь-сентябрь ойларида Давлат бюджети даромадлари 94,5 трлн сўмни ёки 9,1 млрд долларни ташкил этди (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 15,3 трлн сўмга кўп). Бу ҳақда Молия вазирлиги маълумот берди.

Давлат бюджети даромадларининг асосий қисми солиқ ва божхона тушумлари ҳисобига шаклланади, хусусан солиқлар улуши 77 фоизни (72,8 трлн сўм), божхона тушумлари улуши 17,2 фоизни (16,2 трлн сўм) ва бошқа тушумлар улуши 5,8 фоизни (5,5 трлн сўмни) ташкил этди.

Давлат бюджети даромадларининг асосий қисми қуйидаги солиқлар ҳисобига шаклланди: ҚҚС — 22,3 трлн. сўм (жами даромадларнинг 23,6%), фойда солиғи — 19,4 трлн. сўм (20,6%), жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи -11,0 трлн. сўм (11,6%), ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ — 12,0 трлн. сўм (12,7%) ва акциз солиғи — 8,6 трлн. сўм (9,1%).

Жорий йилнинг 9 ойида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича тушумлар 11,0 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 трлн сўмга кўпайди.

Аввалроқ хабар берганимиздек, 4,13 миллион кишидан иборат жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлайдиганлар сони жами аҳолининг 12 фоизини (34,3 миллион) ёки иқтисодий фаол аҳолининг 28,1 фоизини ташкил этади (июль ҳолатига кўра 14,68 миллион).

Январь-сентябрь ойлари якунига Давлат солиқ қўмитаси томонидан маъмурийлаштириладиган солиққа оид бўлмаган тўловлар 4,4 трлн сўмни ташкил этди, хусусан давлат божи 0,8 трлн сўм, жарималар 0,5 трлн сўмни, йиғимлар 0,8 трлн сўмни, маҳсулот тақсимотига оид битимлар бўйича фойдага қолган маҳсулотдаги давлат улуши 0,3 трлн сўмни, давлат улуши бўйича дивидендлар ва давлат унитар корхоналарининг соф фойдасидан тўловлар 1,5 трлн сўмни, бошқа тушумлар (давлат мулкини ижарага бериш ва бошқалар) 0,5 трлн сўмни ташкил этди.