ОАВ соҳаси мутахассиси, GlobalVoices (Нидерландия) халқаро нашриётининг бош муҳаррири Филип Нубель журналист Филипп Гажилига берган интервьюсида оммавий ахборот воситалари ва блогерликнинг ривожланиши ўзбекистонликларнинг замонавий дунёга мослашиши учун қандай ёрдам бериши ҳақида гапириб берди.

— Сиз Ўзбекистонда рўй бераётган янгиликларни кузатиб борасизми?

— Мен GlobalVoices’нинг бош муҳарририман, яъни 40 та тилда чоп этиладиган барча нашрлар билан ишлайман. Шунинг учун, албатта, мен ҳамкасбларим нашримизда ёзадиган материалларни ўқиб тураман. Ўзбекистонга келсак, бу ахборот фаоллиги Facebook ва Telegram’га ўтган мамлакатлардан бири, шу сабабли менга жуда қизиқ.

— Facebook — кўпинча танқидий фикрлар учун ишлатиладиган майдондир. Aммо ҳукуматнинг ўзи танқидий фикрларни эшитишни истаётган бир пайтда бунга жавобан ахборот майдонида танқид қилишнинг бошланиши — табиий ҳол дея олиш мумкинми?

— Менимча, ҳаммаси ҳиссиётлар билан боғлиқ. Бундан ташқари, кўплаб блогерлар ўзларини юлдуз деб билишади. Шундай экан, демак, сиз таъсирчан бўлиб, ёрқин образ ярата олишингиз керак. Aхборот кучли ҳиссиётлар таъсиридан ўтиши керакми? Менимча, бунда ҳар хил манбалар, турли фикрлар, уларни тақдим этиш усуллари муҳимроқ ҳисобланади. Бу жараёнларнинг барчаси ҳукуматнинг таклифи билан кечаётганлигига келсак, танқиднинг борлиги ҳар қандай ҳолатда ҳам яхши деб ўйлайман. Танқид мавжуд бўлсагина жамият ривожлана олади. Биз жамиятда содир бўлаётган жараёнларни кўришимиз лозим, бизга буни адолатли ва малакали ёритувчи мутахассислар керак. Aммо, албатта, биринчи навбатда, уларнинг ҳиссиётларга берилувчанлиги эмас, балки ҳақиқатан ҳам хилма хил фикрлари муҳимдир.

— Бошқа давлатлар блогерлари билан таққослаганда, бизнинг блогерларимизнинг аудитория қамрови катта эмас. Aгар сизнинг аудиториянгиз асосан Тошкентнинг маълум бир аҳолиси бўлса, бу чиндан ҳам қарор қабул қилишга таъсир қилиши мумкинми?

— 2000 йилдан 2006 йилгача мен Бишкекда яшадим ва, албатта, қўшни мамлакатларда содир бўлаётган воқеалардан хабардор бўлганман. Ўша пайтда Ўзбекистон ёпиқ мамлакат эди, демакки, бошқа мамлакатларда бундан 20 йил олдин бошланган жараёнлар сизнинг мамлакатингизда эндигина бошланди. Сизда барча жараёнлар музлатилган эди, эндиликда ҳаммаси қайта тикланмоқда. Ҳақиқий блогер бўлиш қанчалик қийин эканлигини тушуниш муҳим. Барча янгиликлардан хабардор бўлиш, ўқимишли ва масъулиятли бўлиш керак. Аудитория эса муаммо эмас, у аста-секин ўсиб бораверади. Қозоғистонлик блогер менга берган интервьюсида аввалига унинг блогерлиги ҳазил сифатида ўйлаб топилганини ва ҳозирда у муваффақиятга эришган қозоғистонликларни таклиф қилиб, улар билан интервью олиб боришини, ҳар ҳафта дастур чиқараётгани, ҳамжамият тузгани ва кўплаб обуначилари борлигини, улар ҳаётда учрашиб, муҳим масалаларни — дин, Ғарб, мавқе, гендерга бўлган муносабатларни муҳокама қилишларини айтиб берди.

— ОАВ ҳамда блогерлар ўртасида қандай фарқ мавжуд? Бизда кўпинча улар орасида тенглик белгисини қўйишади.

— Бу конференция учун мавзу! Дарҳақиқат, кўплаб мамлакатларда аудитория жиҳатидан оммавий ахборот воситалари билан бемалол рақобатлаша оладиган блогерлар бор; бу ҳақиқий таъсир кўрсатиш институти. Aммо блогердан бир хил масъулият ва малакани кутиш адолатсизликдир. Aхир у шунчаки одам, нашриётда эса ҳатто юрист фаолият кўрсатаётган бутун бир жамоа ишлайди, фактларни текшириш даражаси бутунлай фарқ қилади. Умуман олганда, ОАВ имкон қадар информатив ва мувозанатли бўлиши керак, блогерлар эса фикрларни билдиришлари ва изоҳлар беришлари керак. Бу ҳар хил вазифалардир ва бу иккала йўналиш ҳам жамиятда бир вақтда мавжуд бўла олиши муҳим.

— Баъзида блогерларнинг каналларини ОАВга тенглаштириш масаласи кўтарилади, баъзида ҳукумат блогерларни шунчаки тинглабгина қолмасдан, балки уларга қулоқ солади. Бу оммавий медиа майдоннинг ривожланмаганлиги ва давлат муассасаларининг заифлигини кўрсатмайдими?

— Гапни узоқдан бошлайман: мен узоқ муддат Хитойда яшаганман, у ерда адвокатлар, муҳаррирлар ва судьялар билан ишладим. Хитойда «Aгар сизда суд жараёни кечаётган бўлса, адвокат эмас, балки блогер ёлланг» деган нақл бор. У нима ҳақида? Суд тизимига ва қонуний равишда адолатга эришиш имкониятига ишончнинг йўқлиги тўғрисида. Бу эса кўплаб мамлакатларда содир бўлаётган ҳодисаларнинг моҳиятидир. Ҳокимиятга ишонмаётганлар ва муаммоларини қандайдир тарзда ҳал қилишни истаганлар, бошқа йўл билан адолатни таъминлашга ёрдам берадиганларга мурожаат қилишади, уларга ичидаги борини тўкиб соча олишади ва барча муаммолар бирданига ҳал бўлади.

Бу сўзсиз, ҳар ким ўз вазифасини адаштирган бутун жамиятнинг муаммосидир. Aдолат бўлиши керак. Aгар сиз судда қатнашаётган бўлсангиз, сиз адвокат ёллайсиз. Aгар судга ишонмасангизчи? Шунда одамлар вазиятдан чиқиб кетишга ҳаракат қилишади ва масалан, блогерга мурожаат қилишади. Aммо у холис ёндашмаслиги, тамагир, ҳатто ёлғончи ҳам бўлиши мумкин. Бундан келиб чиқадики, блогер адвокат, судья, прокурор ролини ўйнайди, аммо бундай масъулиятни бўйнига олиш ҳуқуқига эга эмас. У аслида нима бўлганини қаердан билади? Ким ҳақ ва ким ноҳақлигиничи? У ёзган нарсалар — шунчаки инфлюенсернинг фикри, аммо нега дарҳол югуриб, унинг айтганларини бажаришади? Бу каби аралашув менинг ижтимоий ҳаётимни бутунлай ва адолатсиз равишда йўқ қилиши мумкин. Сиз блогерсиз, демак сиз ОАВми? Йўқ. Сиз блогерсиз, демак сиз адвокатмисиз? Йўқ. Сиз блогерсиз — сиз судьями? Йўқ. Сиз шунчаки ўз изоҳларингизни беришингиз керак. Блогернинг изоҳлари оддий бир фикрлардан бири, аммо агар у ҳукм сифатида тақдим этилса ва ҳукумат ушбу ҳукмни ўйламасдан ҳаракатга кўрсатма сифатида қабул қилса, бу жуда хавфли.

— Бугун бизда блогер — фикрлар етакчиси, у XIX асрнинг охирларида ёзувчилар сингари пешво саналади. Ахир бутун дунёда бундай эмас, тўғрими?

— Буни бошқача ҳам таърифлаш мумкин: XIX асрда айнан ёзувчилар фикрлар етакчиси бўлган. Назаримда, фикрлар етакчиси ҳамма жойда, ҳар қандай соҳада бўлиши мумкин, унинг майдони ҳар қандай жойда бўлиши мумкин, у ўзини телевизор, ижтимоий тармоқлар, санъат орқали ифода этиши мумкин. Ғарбда, ҳайратланарли бўлсада, бу ҳали ҳам телевидение соҳаси вакиллари ҳисобланади. Бундан ташқари, бундай одам кроссплатформал — бир нечта вазифани бир вақтда бажарувчи бўлиши мумкин. Блогер эса — у шунчаки ўз блогига эга.

— Эҳтимол, бизнинг аудитория ҳокимият ва цензура томонидан кўпроқ назорат қилинадиган бошқа платформаларга, масалан, телевидениега у қадар ишонмас?

— Қўшиламан. Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлар машҳурлигининг шиддатли ортиши сабаби ҳам шунда, бу мутлақо табиий ва ижобий жараён. Бундан ташқари, телевидениенинг муаммоси шундаки, ижтимоий тармоқлардан фарқли ўлароқ, у тингловчилар билан мулоқотга киришмайди.

— GlobalVoices нашриётингизда муаллифлар ва таржимонлар — кўнгиллилар.

— Бизнинг нашриёт қирқта тилда иш олиб боради ва муаллифлар ҳамда таржимонларнинг аксарияти кўнгиллилар. Aммо мақолаларни кўриб чиқадиган ва таҳрир қиладиган 25 нафар муҳаррир бор ва улар муайян миқдорда пул олишади. Чунки бизнинг муаллифларимиз ғоя, истак, маълумотларга эга бўлишлари мумкин, аммо шу билан бирга буларнинг барчасини тўғри татбиқ қилолмасликлари ҳам мумкин.

— Ҳомийлар ва кўнгиллилар кўмагида фаолият юритиш модели — ОАВ учун қанчалик самарали?

— Кўплаб муаллифларимиз 20 ёшдан 60 ёшгача ва ўзларининг даромад манбаларига эга. Aммо улар ўзларининг ишларидан ташқарида бирор нарса ҳақида ёзишни хоҳлашади, уларнинг ижодкорликка иштиёқлари баланд. Ва бу барқарорликнинг асосидир. Бизда икки турдаги муаллифлар бор: биринчиси биз учун доим ёзади, улар йиллар давомида имкон қадар ёзиб келишади, бу уларнинг қадриятларидан биридир. Иккинчиси эса тажриба, шуҳрат ва имкониятларга эга бўлишни истаган ёш мутахассислар. Улар икки-уч йил ёзиб, йўқ бўлиб кетишади. Лекин энг қизиғи нимада, биласизми? Бир неча йил ўтгач, уларнинг кўплари ҳаётларининг муайян босқичларини босиб ўтиб, университетни тугатиб, ҳаётда қандайдир барқарорликни қўлга киритиб, биринчи турдаги муаллифлар сифатида қайтиб келишади.

— Нотижорат ва фойда олишга йўналтирилган ОAВ позицияси қанчалик кучли?

— Бу жуда мунозарали мавзу — ОАВ моделининг инқирози ҳисобланади. Интернет пайдо бўлиши билан эски тизим (обуначилар, реклама ва адад) ҳамма жойда қулаб тушди. Ҳамма бир-биридан сўрай бошлади: қандай йўл тутамиз? Франция мисолини келтира оламан. У ерда иккита машҳур нашриёт бор эди: бири биз каби донорлар ва кўнгиллилар билан ишларди, иккинчисида кўнгиллилар билан бир қаторда профессионал журналистлар гуруҳи ва обуна тизими мавжуд эди. Сифатли материалларни ўқишни истасангиз — тўланг. Шундай қилиб, умуман нотижорат нашр ёпилди, иккинчиси эса ҳали ҳануз ишламоқда. Бу иккита бизнес стратегиясини бирлаштиришиб, муваффақиятга эришган камдан-кам учрайдиган омадли мувозанатнинг мисолидир.

Янги воқеликда нафақат қийинчиликлар, балки афзалликлар ҳам мавжуд: ўқувчингизни қанчалик яхши билсангиз, шунчалик яхши реклама танлашингиз мумкин. Ҳозир биз ўқувчи ҳақида жуда кўп маълумотларга эгамиз, унинг долзарб эҳтиёжларини осонгина ва мукаммал даражада тахмин қилишимиз мумкин.

— Сизнингча, яна қандай стратегиялар самарали?

— Супермаҳаллий янгиликлар муваффақият қозонган. Бир манзил бўйича ишлайдиган лойиҳалар мавжуд ва одамлар бунга қизиқишади — чунки биз дунёдаги ҳамма нарсалар ҳақидаги янгиликларнинг ҳаётимиздаги ўрнидан чарчадик, аммо ҳали ҳам олдимизда юз бераётган ҳодисаларга қизиқамиз. Шунингдек, контекст ва маълум бир ҳодисанинг бошқа ҳодисалар билан қандай боғлиқлигини, жараённинг умумий кўринишини глобал миқёсда кўришга ёрдам берадиган янгиликлар бугун қимматли. Бугунги кун ўқувчиси талтайиб кетган, бизда жуда кўп манбалар, тиллар, форматлар мавжуд; мия мен чарчадим, бас, дейди. Шунинг учун, тушунча ва тушунтириш берувчи ва ҳар биримизга тегишли бўлган, шунчаки билишимиз зарур бўлган янгиликлар кўпроқ муваффақиятга эришади.

— GlobalVoices даромад олиш учун мўлжалланмаган. Бундай лойиҳалар қандай қийинчиликларга дуч келади?

— Aсосий муаммо — лойиҳа яратувчиси, унинг қарашлари ва мақсадлари билан донор ўртасидаги абадий зиддият. Ишлаш учун сизга пул керак, аммо уни кимдан олишни ва кимдан олишнинг имкони йўқлигини билиш ҳам муҳимдир. Шунинг учун донорни ўзгартиришга ва аниқ ахлоқ кодексига эга бўлишга доимо тайёр бўлиш зарур. Бу жуда муҳим, чунки сизнинг имижингиз ва сизни қандай қабул қилишлари донор билан ҳам билан боғлиқ. Агар сиз мустақил бўлишни истасангиз, уларни ўзгартиришингиз керак. Бу кўпинча мажбуран содир бўлади, чунки донорларнинг ўзлари лойиҳага бўлган қизиқишни йўқотадилар. Яъни, бу доимий кураш. Ёқимсиз, бироқ фойдали жараён. Пул бўлмаса нима қиласиз? Ёки лойиҳани ёпасиз, ёки уни қайта кўриб чиқасиз, ёки унинг долзарблигига ишонч ҳосил қиласиз ва у учун курашишни давом эттирасиз.

— Нима учун майдонингиз нотижорат бўлиб қолди?

— GlobalVoices яратилаётганда кўпгина мамлакатларда интернет анча қулайлашди ва кўпчилик ўз тилларида ёзишни бошладилар. Дунё мулоқот қилаяпти, сиз эса бу ҳақда билмаяпсизми? Бу бизнинг эски шиорларимиздан бири. Яна бир нарса — нашриёт асосчиси америкалик, у америкаликларга улар коинотнинг маркази эмаслигини, Қўшма Штатлардан ташқари хилма-хил дунё борлигини кўрсатмоқчи эди. Aммо буларнинг барчаси инглиз тилида бўлмаганлиги сабабли, Ғарб буни эътиборсиз қолдирди. Дастлаб бизнинг манбамизда бошқа тиллардан инглиз тилига таржималар қилинар эди, кейин бошқа тиллар қўшилди. Нима учун кўнгиллилар таржима учун вақтни сарфлайдилар? Нима учун бизда 40 та тил бор? Чунки одамларга бу қизиқ.

Бизнинг тузилма кўп жиҳатдан горизонтал, чунки биз пул учун ишламаймиз. Барча таржимонларимиз ва мухбирларимиз фаоллардир. Фаоллик пулга қарши эмас, лекин фаоллик учун пул бешинчи ёки олтинчи ўринда, асосийси — фикрни изҳор қилишдир. Пулчи? Бўлса — аъло, бўлмаса — ҳечқиси йўқ. Яна иккита муҳим масала бор. Aгар биз пул олсак: бизга ким ва нима учун тўлайди? Бизда қатъий ахлоқ қоидалари мавжуд ва биз уни замон талабларига жавоб берадиган даражада янгилаб борамиз. Шу билан бирга, ҳар қандай ҳомийни ушбу қоидаларимизда тоблашимиз керак. Сўнгги бир неча йил ичида донор билан нима содир бўлганини кўришимиз керак. Биз улар билан алоқадор бўлишни хоҳлаймизми? Биз буни жамиятимизда муҳокама қиламиз. Aгар биз доноримизга ишонсак ва пул биз учун асосий нарса эмас деган шартга кўнсак, биз демократик тамойилларимиз ва номимиз учун хотиржам бўлишимиз мумкин.

— Оммавий ахборот воситаларининг айрим шахслар фойдасига хизмат қилиш хавфи қанчалик юқори?

— Нейтралитет — идеал ҳолат. Ҳеч бўлмаганда ҳаммамизнинг ўз ҳис-туйғуларимиз ва ўтмишимиз борлиги учун ҳам. Шунинг учун мен «мувозанат» сўзини яхши кўраман. Aгар сиз ҳаммага ўз фикрини билдириш имконини яратсангиз, вазиятни кўрсатсангиз, контекстни берсангиз, ўқувчи ҳам тўғри хулоса чиқариш имкониятига эга. Алоҳида шахсларнинг фойдасига хизмат қилиш эса номақбул йўл. Оммавий ахборот воситаларининг мақсади тарғибот эмас, балки ахборот беришдир. ОАВ жамият учун ишлайди ва агар кучли шахсий қизиқиш бўлса, унда бундай оммавий ахборот воситалари PR хизматига айланиб қолади. Aфсуски, коррупция ҳамма жойда бор, бу бизнинг табиатимизнинг бир қисмидир. Гап унинг миқдорида, шунинг учун ҳам ахлоқ қоидалари ва қонунчилик бор, шунинг учун ҳам кимгадир боғлиқ бўлмаслик жуда муҳим: ҳар бир кишидан 20 доллардан олиш, бир кишидан бир миллион олишдан яхшироқдир.

Ўзбекистонда мен очиқликни кўраяпман, турли овозлар пайдо бўлган, сиз чекловлардан эркинликка томон ҳаракатланаяпсизлар. Бу йўлда кўплаб хавф-хатарлар мавжуд, шунинг учун кўпчиликнинг қўрқуви ўринли, аммо барибир қўрқишнинг ҳожати йўқ: сизнинг ҳаракатингиз бағрикенглик маданиятига олиб келиши керак. Aгар шундай бўлса, нафақат мамлакат, балки бутун минтақа ютуққа эришади. Aхир, дунё мураккаб ва ўзгарувчан, ва унинг бутун хилма-хиллигига кўникиш керак. Шунда сиз ушбу глобал воқеликка кирасиз ва бу интеграция сиз ва қўшниларингизга фойда келтиради. Ушбу интеграция қанчалик муваффақиятли бўлиши, авваламбор, адолат, иқтисодий ривожланиш ва демократияни кафолатловчи самарали ислоҳотларга боғлиқ.

Филип Нубель — полиглот, шарқшунос, таржимон, сиёсатшунослик ва оммавий ахборот воситалари бўйича халқаро эксперт. Қирқ тилда, шу жумладан ўзбек тилида чоп этиладиган GlobalVoices халқаро нотижорат ОАВ бош муҳаррири.