4 ноябрь куни Олмалиқ шаҳрида бўш иш ўринлари ярмаркаси бўлиб ўтмоқда. Ярмарка бўлиб ўтаётган «Металлург» маданият саройида катта тиқилинч юзага келган, дея хабар берди Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

Маълумотга кўра, Олмалиқда корхона, ташкилотлар, хусусан, Олмалиқ кон металлургия комбинати (ОКМК) иштирокида бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилмоқда. Бироқ талабгорларнинг кўплиги, хусусан, ОКМК га ишга кириш истагида яқин ҳудудлардан (Пскент, Оҳангарон, Бўка, Бекобод) ҳам келган фуқаролар ҳисобига мўлжаланган жойда тиқилинч юзага келган.


Айни дамда «Металлург» маданият саройи майдони машинага тўлган. Фото: «Олмалиқ ҳаёти» Telegram канали

Шундан сўнг, «Меҳнат ярмаркаси» мазкур маданият саройига яқин бошқа ҳудудда жойлашган «Ёшлар боғи»га кўчирилгани айтилмоқда. Айни дамда ушбу боғда Олмалиқ шаҳар сектор раҳбарларининг сайёр қабули ҳам ўтказилмоқда.

Маълумотга кўра, ОКМК АЖда «Ёшлик-1″ конини ўзлаштирилиш» лойиҳаси доирасида янги объектлар, хусусан, 3-МБФ қурилиши муносабати билан комбинатда 10 мингта иш ўрни босқичма-босқич очилиши кутилмоқда.

«ОКМК томонидан фуқароларни ишга қабул жараёнлари ҳақида ҳамда қабул ўтказиладиган кунлар ва қайси ихтисослик учун қачон суҳбат бўлиши ҳақида расмий веб-сайт ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар орқали доимий ахборот бериб борилади», — дейилади баёнотда.