Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2 декабрдаги қарори (ПҚ-4541) ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги (ЎзА) фаолияти такомиллаштирилмоқда. Бугунги кунга келиб, агентликнинг сайти қайта ишлаб чиқилди, янги логотип тасдиқланди, фотобанк ишга туширилди, мобил иловалар тайёрланмоқда, деб хабар берди ЎзА.

ЎзА веб-сайтининг янгиланган талқинида фойдаланувчилар учун қулайлик яратиш мақсадида сайт дизайни матнларни осон ўқиш учун мослаштирилди. Шунингдек, фото, видео ва аудио хабарларни тарқатишда янги имкониятлар яратилди. Технологик жиҳатдан сайтнинг тезкор ишлашига ҳам эътибор қаратилди.

ЎзАнинг янги логотипида минимализм услубидан фойдаланилган, расмийлик ва соддаликнинг ўзаро уйғунлиги таъминланган. Рангларни танлашда ахборот узатишнинг турли шакллари (матн, видео, фото, аудио) ҳамда манбалари (сайт, мобил илова, ижтимоий тармоқлар) инобатга олинган, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, ЎзАнинг янги сайтида махсус фотобанк саҳифаси ишга тушди.

Ҳозирча тизимга асосан яқин кунларда тайёрланган фоторепортажлар юклаб борилмоқда. Келгусида ЎзА архивидаги барча суратларни жойлаштириш режалаштирилган.

Шунингдек, фотобанк орқали суратларни онлайн сотиш йўлга қўйилади. PayMe, Click каби маҳаллий электрон тўлов тизимлари ҳамда Visa, MasterCard каби халқаро карталаридан фойдаланган ҳолда фотосуратларнинг катта ҳажмдаги оригинал файлини юклаб олиш имкони яратилади. Сотувдан тушган маблағлар фотосуратчиларга қўшимча гонорар ажратиш, шунингдек уларнинг фототехникаларини янгилаш учун сарфланади.

Ҳозирда тизим янги ишга тушгани муносабати билан 1 ой давомида барча суратларни бепул юклаб олиш мумкин.


ЎзАнинг янги сайтида ҳудудий хабарларни ёритишга алоҳида урғу қаратилган. Шу сабабли республикадаги барча 14 та маъмурий-ҳудудий бирлик учун алоҳида саҳифа яратилди. Муштарийлар ушбу саҳифалар орқали ўз ҳудудларида содир бўлаётган энг сўнгги янгиликлардан бохабар бўлиб боришлари мумкин.

Ҳозирда ЎзА сайтининг мобил қурилмаларга мўлжалланган талқини ишлаб турибди. Тез кунларда Android ҳамда iOS операцион тизимлари учун махсус мобил иловаларни ҳам ишга тушириш режалаштирилган.