Тухташева Умида Абдиловна Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари — Жамоатчилик билан алоқалар, мурожаатлар билан ишлаш ва халқаро ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди, дея хабар берди агентлик матбуот хизмати.

Умида Тухташева 1978 йилда туғилган. 2003 йил Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. У тайинловга қадар Тошкент давлат юридик университетининг Жиноий одил судлов факультети декани лавозимида фаолият юритган.

Талъатжон Хайдаров Солиевич Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг ўринбосари — Коррупцияга қарши курашиш тизимини таҳлил ва мониторинг қилиш бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.

Талъатжон Хайдаров 1980 йилда туғилган. 2001 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. У тайинловга қадар Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ички хавфсизликни таъминлаш бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритган.

Ушбу тайинловлар президентнинг 3 ноябрдаги қарори билан амалга оширилди.