2 ноябрь куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Қозоғистон бош вазири ўринбосари Роман Скляр бошчилигидаги ҳукумат делегацияси вакилларини қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ҳукумат портали хабар бермоқда.

Фото: Ҳукумат матбуот хизмати

Ушбу учрашувда савдо-иқтисодий, тиббиёт, таълим, транспорт ва логистика соҳалари бўйича янги истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Қозоғистон савдо ва интеграция вазири Бахит Султонов ташриф тафсилотларини ўзининг Facebook саҳифасида айтиб ўтди.

«Биз учун Ўзбекистон минтақадаги асосий савдо шериги. Бу йил ўзаро товар айирбошлашни 5 миллиард долларга етказишни режалаштиргандик, аммо пандемия туфайли буни амалга ошириш қийин бўляпти. 9 ой давомида ўзаро савдо ҳажми 16,5 фоизга камайди. Бизнинг экспортимиз бир фоиздан сал кўпроқ миқдорга камайди, Ўзбекистондан импорт ҳажми эса 40 фоизга камайди», — дея таъкидлади Бахит Султонов.

У ўз ҳамкасбларига Қозоғистон ўзбек бозорига етказиб бериши мумкин бўлган яна 64 та товарни таклиф қилди. Булар турли хил қувурлар, прокат металл буюмлар, автомобиллар, кимё ва нефт-кимё маҳсулотлари, машинасозлик, фармацевтика ва озиқ-овқат саноати маҳсулотларидир.

«Ўтган йили Тошкентда очилган KazakhExport ваколатхонаси реклама акциясида ёрдам беради, деб умид қиламан. Компания маҳаллий банклардан Қозоғистон товарларини сотиб олиш учун экспорт савдосини молиялаштиришни жалб қилиши мумкин, бу эса кредит хавфи учун суғурта қопламасини тақдим этади. Бугун биз KazakhExport ва „Қишлоқурилишбанк“ ўртасида савдо операцияларини 3 миллион долларга молиялаштиришни назарда тутадиган Ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзоладик», — дейди у.

Фото: Ҳукумат матбуот хизмати

Бахит Султановнинг гапларига кўра, Қозиғистон икки давлат ортасида нафақат савдо қилишни, балки ташқи бозорга чиқишда ҳам ҳамкорлик қилиш истагини билдиряпти. «Бунинг учун иккала давлат ҳам Халқаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик марказини (ХСИҲМ) ташкил этиш ташаббуси билан чиқдилар. Биз «ХСИҲМ»ни нафақат трансчегаравий улгуржи ва чакана савдо объектларининг қўшни инфратузилма билан жиҳозланган концентрацияси, балки Евроосиё товарларни тарқатиш тизимининг муҳим савдо-логистика маркази сифатида ҳам кўряпмиз. Бизнинг Улгуржи тарқатиш марказлари (УТМ) ва Ўзбекистон Агро-логистик марказлари (АЛМ) ҳам ушбу катта тизимнинг таркибий қисмларига айланишга чақирилади», — дейилади баёнотда.

Вазирнинг таъкидлашича, музокараларда муҳокама қилинган муҳим масала, бу тўсиқларни олиб ташлаш эди. «Биз ҳамкасбларимиз билан Тошкентнинг 2009 йил 20 ноябрдаги МДҲ ҳудудида товарларнинг келиб чиққан мамлакатини аниқлаш қоидаларига қўшилиши, Ўзбекистоннинг акциз сиёсатини либераллаштириш жараёни ва Қозоғистон брендларидан фойдаланган ҳолда контрафакт ун маҳсулотларининг Ўзбекистон бозорида тез-тез учраб туриши тўғрисида суҳбатлашдик», — деди Бахит Султанов.

Аввалроқ хабар берганимиздек, бу йилнинг январь-август ойлари якунига Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг умумий ҳажмида Қозоғистон улуши 7,2 фоизни (ТСА бўйича учинчи ўрин) ташкил этди.