Қозоғистон коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича идоралараро комиссия томонидан мамлакат чегарасини кесиб ўтиш тартибини ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу ҳақда Қозоғистон бош вазири расмий сайтида хабар қилинди.

Маълум қилинишича, 2 ноябрь ҳолатига мамлакатда коронавирусга чалиниш бўйича кескин ўсиш кузатилган. 5 — 18 октябрь кунлари 1272 та, 19 октябрь — 1 ноябрь кунлари эса 3352 та касалланиш қайд этилган. Бир кеча кундузда 442 киши вирусга чалинган. Юқумли касалликлар шифохоналарида мавжуд жойларнинг 22 фоизи, реанимацон койкаларнинг эса 18 фоизи беморлар билан тўлиб бўлган.

Йиғилиш якунида қабул қилинган Комиссия қарорига мувофиқ қуйидагилар Қозоғистон чегарасини 90 кун ичида [аввал 30 кун эди] бир мартадан ортиқ кесиб ўтиши мумкин эмас:

  • Қозоғистонда доимий яшаш учун рухсатнома олган чет элликлар ва уларнинг оила аъзолари;
  • Қозоғистон фуқароларининг оила аъзолари ҳисобланган чет элликлар.

Бундан ташқари, қарор билан Қозоғистон 57 та давлат билан ўрнатган визасиз режимни 2021 йилнинг 1 май санасига қадар бекор қилмоқда.

Шу билан бирга, Хитой ва Ҳиндистондан Қозоғистон орқали бошқа давлатга борувчилар 72 соат мамлакатда визасиз бўлиш режими 2021 йил 1 январгача бекор қилинди.

Жорий йилнинг 9 ноябридан эътиборан эса Туркия билан ҳаво транспорти орқали йўловчи ташиш ҳафтасига 33 тадан 20 тагача камайтирилади.