30 октябрда Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тизимида Давлат ва ҳуқуқ институтининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

Ушбу ҳужжат билан Фанлар академияси тизимида Давлат ва ҳуқуқ институти ташкил этилмоқда. Институт давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади.

Институтнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланмоқда:

  • жамият ва давлат қурилиши, суд-ҳуқуқ ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотларга маслаҳат ва эксперт ёрдамини ташкил қилиш;
  • қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа органлар учун ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;
  • давлат ва ҳуқуқ соҳасида фанлараро фундаментал илмий тадқиқотларни бажариш;
  • илмий фаолиятни давлат бошқарув органлари ва хўжалик бирлашмалари билан ҳамкорликда, шартномалар асосида амалга ошириш, ҳуқуқий тадқиқотлар юзасидан фуқаролик жамияти институтлари, халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш тўғрисида шартномалар тузиш;
  • доимий асосда чоп этиладиган «Давлат ва ҳуқуқ» журналини таъсис этиш, жамоавий ва индивидуал монографияларни, ўқув-методик адабиётлар ва шарҳларни нашр этиш;
  • республикада олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотларнинг давлат ва ҳуқуқ соҳасидаги илмий-тадқиқот фаолиятини мувофиқлаштириш ва методик таъминлаш, шунингдек, давлат ва ҳуқуқ муаммоларини ўрганиш бўйича Мувофиқлаштирувчи илмий кенгаш тузиш.

Қарор билан институт ходимларига Фанлар академияси илмий ташкилотлари учун татбиқ этилган меҳнатга ҳақ тўлаш тизими жорий этилади.

Институтни жорий таъминлаш учун харажатлар 2020 йилда давлат бюджетидан Фанлар академиясига ажратиладиган маблағлар доирасида, 2021 йилдан эса давлат бюджети параметрларида назарда тутилган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.

Ҳужжатга мувофиқ Давлат ва ҳуқуқ институти тузилмаси тасдиқланмоқда. Шунингдек, Фанлар академияси президентига институт ходимларининг умумий чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилмоқда.

Муассаса Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек кўчаси, 81 уй манзилида (Мирзо Улуғбек ҳайкали ўнг томони, Фанлар академияси тизимидаги Математика институтининг эски биноси рўпарасида) текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.