АҚШ Савдо ваколатхонаси (USTR) Ўзбекистонда ишчилар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича Умумлаштирилган имтиёзлар тизими (GSP) мезонларига амал қилиниши бўйича текширувларни якунлади. Дастур доирасида мамлакатнинг савдо имтиёзлари ўзгаришсиз қолди, дейилади USTR ахборотида. Тингловлар 2008 йилдан — Халқаро ишчилар ҳуқуқлари форуми (ILRF) мамлакатнинг GSP даги мақомини кўриб чиқиш учун мурожаат юборганидан буён давом этаётган эди.

АҚШнинг Умумлаштирилган имтиёзлар тизими (GSP — Generalized System of Preferences) 1974 йилда пайдо бўлган ва ривожланаётган мамлакатлар иқтисодиётини ривожлантириш учун бир қатор товарларга савдо имтиёзларини таклиф этади. Дастур 119 давлат ва бенефициар ҳудудлардан 3,5 минг хил товарларни АҚШга божсиз олиб кириш ҳуқуқини беради. Ушбу имтиёзлардан фойдаланиш учун бенефициар мамлакатлар 15 та танлов мезонларига жавоб бериши керак, улар орасида халқаро миқёсда тан олинган ишчилар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, интеллектуал мулк ҳуқуқларининг самарали амалга оширилиши ва ўз бозорларига тенг ва адолатли кира олиш имкониятини яратиш каби мезонлар ҳам бор. Ўзбекистонга GSP бенефициари мақоми 1994 йил август ойида берилган.

«Халқаро Меҳнат Ташкилотининг мониторинг дастури томонидан пахта теримида болалар меҳнатидан тизимли фойдаланилиши аниқланмади ва кетма-кет бешинчи йил давомида катталар меҳнатидан мажбурий фойдаланишнинг пасайиши кузатилмоқда. Ҳукумат катта ёшдагиларни мажбурий меҳнатга жалб этиш бўйича жиноий жавобгарликни жорий қилди ва пахта етиштириш учун квоталарни олиб ташлади. Шунингдек, ҳукумат пахта теримчиларининг иш ҳақини сезиларли даражада оширди ва шу билан кўнгиллилар сонини сезиларли даражада оширди», — дея изоҳ берди USTR.

Ҳисоботда айтилишича, АҚШ «Ўзбекистонда пахта теримида мажбурий меҳнатга барҳам бериш йўлида янги ютуқларга эришиш» учун Ўзбекистон билан ишлашни давом эттиради.

Бир йил олдин АҚШ Савдо ваколатхонаси GSP га риоя қилиш доирасида Ўзбекистондаги интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш бўйича тингловларни тугатган эди.