Сешанба куни Америка Қўшма Штатларида президент сайловлари бўлиб ўтади. Ушбу жараён кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортади.

Иллионойс университети сиёсий фанлар докторанти Икромжон Тўхтасунов «Газета.uz»га АҚШда президент сайловлари қандай кечиши, сайловларда ким овоз бера олиши, сайловчилар коллегияси нималиги ва президентликни қўлга киритиш учун қанча овоз тўплаш керак эканлиги ҳақида сўзлаб берди.

Сайловнинг умумий қоидалари

АҚШда президентлик сайловлари 4 йилда бир марта ўтказилади. Сайлов куни ноябрнинг биринчи душанбасидан кейинги биринчи сешанбасида бўлиб ўтади. Бу йил ушбу сана 3 ноябрга тўғри келмоқда.

Сайлов тўғрисидаги энг асосий қонун-қоидалар АҚШ Конституцияси билан белгилаб қўйилган. Унга кўра президентликка номзодлар АҚШда туғилган бўлиши, 35 ёшдан катта ва 14 йил мобайнида АҚШ ҳудудида истиқомат қилган бўлишлари керак.

Президентлик муддати 4 йил. 1947 йилда Конституцияга киритилган ўзгартишларга асосан, номзод президентликка фақат 2 маротаба сайланиши мумкин. Конституция қабул қилинаётган пайтда эса бундай чеклов бўлмаган ва фақат Франклин Рузвельтгина 2 мартадан ортиқ, яъни 4 марта президентликка сайланган (1933 йилдан 1945 йилгача).

Қандай қилиб президентликка номзод бўлиш мумкин?

Одатда сайловдан бир йил олдин президент бўлишни хоҳловчилар оммага президентлик учун курашмоқчи эканликларини эълон қилиб, сайловолди кампанияларига старт беришади. Табиийки, президент бўлишни хоҳлайдиганлар жуда кўп. Сайлов бюллетенига қўшилиш эса ҳаммага ҳам насиб этмайди.

Бунинг учун улар бир неча босқичдан ўтишлари зарур. АҚШдаги икки йирик партия — Республикачилар ва Демократлар партиясидан номзодларини қўймоқчи бўлганлар кокуз (caucuses) ва праймериз (primaries) жараёнларидан ўтишларига тўғри келади. Кокуз ва праймеризларни ўтказишдан асосий мақсад — партия номзодларини танлашда партия етакчиларидан кўра, сайловчилар қатнашувини оширишдир.

Бу йил Демократлар партиясининг жуда кўп номзодлари орасидан Жо Байден ушбу босқичлардан муваффақиятли ўтиб, партия номзоди бўлди. Республикачилар партиясида ҳам худди шундай босқчилар бўлиб ўтди, лекин Дональд Трамп амалдаги президент бўлгани боис, қийинчиликларсиз партия номзодлигини қўлга киритди.

Сайлов кампаниялари қандай молиялаштирилади?

Сайлов кампаниялари ўзининг ишчи штабига эга бўлиб, турли хил тадбирлар уюштиради ва номзодларни оммага танитиш билан шуғулланади. Буларнинг барчаси катта маблағ талаб этади. Ушбу кампанияларни давлат томонидан молиялаштирилишига эришиш мумкин, лекин бу жараён турли чекловларга эга. Шунинг учун ҳам, президентликка номзодлар сайлов кампанияларини асосан хусусий маблағлар орқали молиялаштиришни афзал кўришади.

Сайлов кампанияларини молиялаштиришда қонун турли чекловлар қўяди. Масалан, бир сайловчи (фақат АҚШ фуқароси) бир номзоднинг сайлов кампаниясига сайлов олдидан 2800 АҚШ долларигача молиявий ҳисса қўшиши мумкин. Гуруҳ бўлиб сайлов кампаниясига пул ажратиш ва бошқа молиявий ҳисса қўшиш турлари бўйича чекловлар ҳам мавжуд.

Маълумот учун, Байден ва Трамп сайлов кампаниялари 2020 йилги сайлов учун 1,5 млрд доллардан кўпроқ маблағ тўплашди.

Ким овоз бериш ҳуқуқига эга?

Деярли барча штатларда 18 га кирган ҳар бир АҚШ фуқароси сайлаш ҳуқуқига эга, лекин баъзи штатларда жиноят содир этган айрим шахслар бундай ҳуқуқга эга эмас. Бундан ташқари, кўп штатлар сайловда қатнашиш учун рўйхатдан ўтишни талаб қилади ва бу жараён штатлар бўйлаб фарқланади.

Ҳозирда пандемия сабабли сайловчиларнинг бир қисми почта орқали овоз беришади ва бу жараённинг ҳам штатларда турли хил тартиблари мавжуд.

Сайловчиларнинг аксарияти сайлов участкаларига бориб овоз беришади. Қайси номзод АҚШ президенти этиб сайланишини эса сайловчилар коллегияси ҳал қилади.

Сайловчилар коллегияси нима?

Сайловчилар коллегияси ҳар бир штатнинг Конгрессдаги сенаторлари ва вакиллари сони йиғиндисига тенг бўлиб, уларнинг умумий сони 538 кишини ташкил этади.

Ҳар бир штат учун Конрессда 2 та сенатор ва аҳолиси сонига қараб камида биттадан вакил мавжуд. Конгрессда 50 та штатдан 100 та сенатор ва 435 та вакиллар бор, жами 535 киши. АҚШ пойтахти Вашингтон шаҳри ҳеч қайси штат таркибига кирмайди ва шу сабабдан сенатор ва вакиллари йўқ. Лекин шунга қарамай сайловчилар коллегиясида Вашингтон учун 3 та жой ажратилган.

Иллюстрация: Эльдос Фазылбеков / «Газета.uz».

Оммавий овоз бериш натижаси сайловчилар коллегиясининг вакилларини ва улар қандай овоз беришини аниқлайди. Баъзи штатларда шундай қонунлар борки, агар сайловчилар коллегияси аъзоси штат фуқаролари қўллаб-қувватлаган номзодга овоз бермаса, қонуний жавобгарликка тортилади.

Сайловда ким ғалаба қозонади?

Деярли барча штатларда «ғолиб барча овозларни қўлга киритади» тамойили амал қилади. Яъни, битта штатда энг кўп оммавий сайловчилар овозини тўплаган номзод ўша штатдаги сайловни ютган ҳисобланади ҳамда у ердаги барча сайловчилар коллегияси вакилларининг овозини қўлга киритади.

Масалан, бир номзод Калифорния штатида оммавий сайловчиларнинг энг кўп овозини олса, штатдаги сайловчилар коллегияси вакилларининг барча 55 та овозини қўлга киритган ҳисобланади.

Жами 538 та сайловчилар коллегияси вакилларининг энг кўп овозини, яъни камида 270 та овозни қўлга киритган номзод АҚШ президентлигига сайланган ҳисобланади.

Ҳатто номзод тўғридан-тўғри сайлов орқали кўпчилик сайловчилар овозини қўлга киритган бўлсада, сайловчилар коллегияси овозлари бўйича етарли овозга эга бўлмаса, у сайловда ютқазади. Бу тарихда бир неча марта бўлган ва энг охиргиси 2016 йилги сайловларда Ҳиллари Клинтон Дональд Трампдан 3 миллион кўпроқ оммавий сайловчилар овозини тўплаб, лекин сайловчилар коллегияси овозлари бўйича ютқазганида бўлганди. Ўшанда Дональд Трамп сайловчилар коллегиясининг тахминан 57% овозини қўлга киритиб, президент этиб сайланган.

Агар ҳеч қайси номзод сайловчилар коллегиясининг 270 та овозини ололмаса, президентни тайинлаш Конгресснинг Вакиллар палатаси зиммасига ўтади. Ҳар бир штат биттадан овозга эга бўлади ва 26 та овоз тўплаган номзод Президент этиб тайинланади. Вице-президент эса Конгресснинг Сенаторлари томонидан танланади.

Штатлар одатда қайси партияга овоз беради?

Бир штатда қайси партия ғолиб бўлишига қараб улар кўк штатлар (сайловчилари асосан демократик номзодга овоз берадиган), қизил штатлар (сайловчилари асосан республикачилар номзодига овоз берадиган) ва ҳар сайловда турлича овоз берадиган штатларга бўлинади.

Масалан, Калифорния асосан Демократик партия номзодига овоз беради. Алабама президентлик сайловларида асосан Республикачилар партияси номзодига овоз беради. Шу сабабдан, номзодлар асосан овозларини турли партияларга берадиган штатларга эътибор қаратади. Уларни «swing states» деб аташади. 2020 йилги сайловларда Флорида, Висконсин, Пенсильвания, Аризона ва Мичиган айнан шундай штатлар бўлиши кутилмоқда.

Сайлов натижалари қачон эълон қилинади?

Одатда сайловдан кейинги кун ким ғалаб қозонганлиги маълум бўлади. Лекин бу йил пандемия туфайли почта орқали юборилган бюллетенларнинг етиб келиши учун вақт кераклиги сабабли, сайлов натижаларини кўпроқ кутишга тўғри келиши эҳтимоли бор.

Охирги маротаба 2000 йилги президентлик сайловларида номзодлар Олий Суднинг қарорини бир ой давомида кутишга мажбур бўлишган. Ўшанда Флорида штатидаги сайловчилар коллегиясининг овозлари тақсимоти бўйича баҳсли вазият юзага келган эди.

Янги президент ўз ваколатларига қачон киришади?

Агар АҚШда янги президент сайланса, қонунга кўра янги раҳбарга ўз вазирларини тайинлаш ва режаларни тузиш учун вақт ажратилади.

Янги президентнинг инаугурация маросими 20 январь куни Вашингтондаги Капитолий биноси олдида бўлиб ўтади.


Дональд Трампнинг 2017 йил 20 январдаги инаугурация маросими. Фото: twitter/EricTrump

Бугунги кунда олиб борилаётган сўровновмаларнинг натижасига кўра, Демократик партия номзоди Жо Байденнинг ғалабаси башорат қилинмоқда.