Носоз ҳолатга келиб қолганлиги учун бундан олти ой аввал ҳаракат тўхтатилган Норин дарёси кўприги қайта қурилиб, фойдаланишга топширилди, дея хабар қилди «Ҳалқ сўзи» Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати маълумотларига асосланиб

Фарғона ҳалқа йўлидан ўтган мазкур кўприк 1962 йилда қурилган ва охирги вақтларда унда кўпгина ёриқлар юзага келиб, фойдаланиш учун хавфли бўлиб қолган эди. Андижон ва Наманган вилоятларини автомобиль йўли орқали ўзаро боғлайдиган ушбу кўприкда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга қарашли «Кўприкқурилиш трести» унитар корхонаси мутахассислари томонидан 8,3 миллиард сўмлик реконструкция ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Қайта таъмирлаш ишларидан сўнг мазкур кўприкнинг эни 1,5 метрга кенгайтирилиб, икки четида пиёдалар учун йўлаклар ҳам барпо этилди. Бу орқали кўприкнинг қатнов қуввати ошди. Ундаги икки тасмали автомобиль йўлида бир кунда 20 мингдан ортиқ транспорт ўтказиш имконияти мавжуд. Пиёдалар учун ҳам қулайликлар яратилди. Кечки пайт кўприкда бемалол ҳаракатланишларини таъминлаш учун 13 та электродиодли ёритгичлар ўрнатилди. 1 ноябрь куни қайта реконструкция қилинган кўприкни фойдаланишга топшириш маросими тантанали тарзда ўтказилди. Унда Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Ш. Абдураззоқов ҳам иштирок этди.

Эслатиб ўтамиз, Норин дарёси кўпригини таъмирлаш вақтида дарёни кесиб ўтиш учун вақтинчалик кўприк қурилаётгани ҳақида хабар берган эдик.