30 октябрь куни Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси Вазирлар Маҳкамасига газ қувурлари тизимининг ҳолати ва ушбу соҳадаги қонунчилик ижроси тўғрисида юборилган парламент сўрови натижаларини муҳокама қилди.

Йиғилишда таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатда «Ҳудудгазтаъминот» компаниясига қарашли 89,1 минг км газ қувурлари мавжуд, улардан 20,5 минг км — 10 йилдан ортиқ вақт давомида ишлатилган, 25,7 минг км — 10−25 йил, 42,9 минг км — 25−30 йилдан ортиқ фойдаланилган.

Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Толибжон Мадумаров газ қувурлари нега 25−30 йил давомида алмаштирилмагани ҳақида сўради.

«30 йилгача нима қилдик? Газнинг пули қани? Қанча одам газ учун пул тўлаяпти-ку. Мажбурий ижро бюроси обориб-келаяпти-ку тўламаганлик учун. Қарздорлик учун машинасигача олиб қўяди. У пул қани?» — деди сенатор.

766,4 км узунликдаги газ қувурлари ўз вақтида алмаштирилмагани ва ҳозирда уларни тўлиқ алмаштириш кераклиги сабабли капитал таъмирга муҳтож эканлиги ҳақида хабар берилди. Агар ушбу қувурларни зудлик билан алмаштириш бўйича чоралар кўрилмаса, табиий газ йўқотилиши кундан-кунга ортиб боради ва турли бахтсиз ҳодисаларни юзага келтиради, дейилади парламент юқори палатаси хабарида.

Бундан ташқари, «Ҳудудгазтаминот» АЖ тасарруфидаги 16,7 минг км ер ости пўлат газ қувурларини электрокимёвий ҳимоя қилиш учун жами 1305 та ҳимоя воситалари ишлатилади. Ушбу воситалар лойиҳалаштириш асосида ҳар 2−3 км масофада ишлатилишини ҳисобга олсак, атиги 2610 км ер ости пўлат газ қувурлари ёки 16 фоизи электрокимёвий ҳимояланганлиги аниқ бўлади. 14,1 минг км ер ости пўлат газ қувурлари умуман ҳимояланмаган, дея таъкидламоқда Сенат матбуот хизмати.

«Афсуски, 25−30 йил олдин ётқизилган газ қувурларини алмаштириш имконсиз. Бироқ газ қувурларини фойдаланишга яроқли ҳолатда сақлаш бўйича чоралар кўрилмаган», — дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, бугунги кунда «Ҳудудгазтаминот» ихтиёрида 80,3 мингта газни тартибга солиш пунктлари мавжуд бўлиб, улардан тахмиман 40 мингтаси 20−30 йилдан ортиқ вақт давомида ишлатиб келинмоқда. Газни бошқариш пунктларида слесарлар штатининг қисқариши сабабли ўз вақтида хизмат кўрсатилмаган.

Сенатнинг таъкидлашича, мавжуд газ қувурларининг аксарияти ҳамма тарафлама эскирган бўлишига қарамай, уларни диагностика қилиш ва техник хизмат кўрсатиш ишлари тўғри олиб борилмагани сабабли авария эҳтимоли юқори, «Ўзтрансгаз» АЖ ҳам захира қувурларини етказиб бериш режасини тўлиқ бажармаган.

Толибжон Мадумаровнинг таъкидлашича, агар газ билан боғлиқ муаммолар мавжуд бўлса, у ҳолда аҳолини хабардор қилиш ва электр энергияси билан таъминлаш чораларини кўриш керак.

Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида тезак (ёқилғи сифатида ишлатиладиган қуритилган ёки қайта ишланган гўнг) ёқишга мажбур бўлган аёл билан учрашув ҳақида гапирди.

«Бир ёши катта онахон келиб айтаяпти: „яқинроқ келиб мени ҳидланг, мен ва бошқа аёллардан гўнгнинг ҳиди келаяпти, биз тезак ёқаяпмиз. Исталган уйга боринг ва кўринг“. Биз минглаб одамлар билан учрашдик. Қувурлар бор. Илгари газ бор эди, аммо энди йўқ», — деб сенатор сўзларини келтиради MY5 телеканали.

Унга кўра, парламент сўровида кўрсатилган ҳудудларга табиий газ етказиб берилмаган бўлса-да, жавоб хатида табиий газ етказиб беришда узилишлар юз берганда, юқорида қайд этилган маҳаллалар истеъмолчиларига суюлтирилган газ етказиб бериш имконияти мавжудлиги қайд этилган.

Шунингдек, сенатор 2020 йил январь-февраль ойларида «Ҳудудгаз Тошкент» МЧЖ томонидан тасдиқланган тарқатиш режасига биноан Ўртачирчиқ минтақасининг ҳар бир оиласига ойига 20 кг суюлтирилган газ берилиши кераклигини таъкидлади. Бироқ ҳар бир оилага атиги 12,2 кг газ етказиб берилди.

«Ҳудудгазтаъминот» бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Абдусамат Саидвалиев барча камчиликлар бартараф этилишини ваъда қилди.

«Бугун бизни мамлакатдаги ресурслар масаласи бироз ташвишга солмоқда, аммо биз барча чораларни кўрмоқдамиз. Менимча, аввалги барча камчиликларни ҳар бир уйга ташриф буюриб, ҳал қилишимиз мумкин», — деди у.

1 ноябрдан бошлаб хўжалик юритувчи субъектлар, шу жумладан ресторан ва кафелар учун табиий газдан фойдаланишга чекловлар жорий этилди. Энергетика вазирлиги буни зарур чоралар, деб атади ва «яқин келажакда муқобил ёқилғидан фойдаланиш нафақат куз-қиш даврида амалга оширилади», деб таъкидлади.

«Ўзбекнефтгаз» ширкатининг хабар беришича, углеводород қазиб чиқариш ҳажмини ошириш учун 295 та қудуқ қазилган ва 328 та табиий газ қудуғи капитал таъмирланган. 2017−2021 йилларда углеводород ишлаб чиқаришни кўпайтириш дастури ERIELL Oilfield Services Middle East DMCC (BAA) томонидан бурғулаш ҳамда капитал таъмирлаш ва Enter Engineering РТЕ. LTD (Сингапур) технологик объектларини қуриш бўйича амалга оширилмоқда.