Андижон ва Самарқанд вилоятларидаги мактабгача таълим ташкилотларида сифатсиз кўмирдан «қўлбола брикет» тайёрлаётгани ҳақидаги хабарлар юзасидан МТВ ушбу масалага муносабат билдиргани хабар қилинган эди. «Ўзбеккўмир» АЖ мазкур хабарлар юзасидан изоҳ берди.

Қайд этилишича, Самарқанд вилояти Тайлоқ туман мактабгача таълим ташкилотига қарашли 30-сон МТТ ишчи ходимлари кўмир кукунидан брикет ясаётгани акс эттирилган видео-фотосуратлар юзасидан «Кўмир таъминот» МЧЖ Самарқанд вилояти филиали ишчи гуруҳи ўша куннинг ўзидаёқ воқеа жойида бўлди.

Маълумотларга кўра, мазкур МТТ ҳақиқатан ҳам 2020−2021 йиллар куз-қиш мавсуми учун жами 9160 кг брикет ва 4 790 кг кўмир маҳсулоти қабул қилиб олган. Шундан 4 790 кг кўмир маҳсулотида тахминан 650−700 кг ёки 14−15 фоиз кўмир кукуни чиққан. МТМ ходимлари ушбу кўмир майдасини исроф қилмаслик мақсадида уларни йиғиб, сув қўшиб, гувала шаклига келтирган ва 2−3 кун очиқ ҳавода қуритиб, усти ёпиқ омборхонага жойлаштирган ҳамда устини лой билан суваб қўйган. Ишчи гуруҳ жойида кўрганида, ҳақиқатан ҳам кўмир ва кўмир маҳсулотлари усти ёпиқ омборхонада, усти сувоқ қилинган ҳолатда сақланаётгани аниқланди.

Мазкур МТТ директори ва хўжалик ишлари бўйича ходимидан қабул қилиб олинган кўмир миқдори ва сифати ҳақида сўралганида, улар бу ҳақда ҳеч қандай эътирозлари йўқлигини маълум қилган эдилар, дейилади хабарда.

Ижтимоий тармоқларда «Андижон вилоятида» деб берилган фотосуратдаги ҳолатлар ҳам Андижон вилояти мактабгача таълим муассасалари масъул ходимлари билан биргаликда ҳар бир муассаса бўйича ўрганиб чиқилди. Бироқ ушбу фотосуратлар вилоятдаги МТМларнинг қай бирига тегишли эканлиги ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Андижон вилояти мактабгача таълим бошқармаси «Андижон кўмир етказувчи» филиали билан 2020 йилнинг август ойида 5171 тонна кўмир ва 14718 тонна брикет етказиб бериш бўйича 7,624 млрд сўмга шартнома тузган.
Шартномага асосан сентябрь ойида 1,589 млрд сўм маблағ ўтказилган.

Бошқарма 8 сентябрдан кўмир олишни бошлаган, 31 октябрга қадар бошқармага жами 12368 тонна кўмир ёқилғиси етказиб берилган (кўмир 10034 тонна, брикет 2334 тонна).

«Ўзбеккўмир» АЖ аҳоли ва бюджет ташкилотларини жорий куз-қиш мавсумида етарли миқдорда сифатли кўмир ва кўмир маҳсулотлари билан ўз вақтида таъминлаш бўйича барча чораларни кўрмоқда, — дея изоҳ берди «Ўзбеккўмир» АЖ ахборот хизмати.