Samsung компаниясининг раҳбари вафот этди

Ли Гон Хи. Фото: IC

25 октябрь куни Samsung компаниясининг раҳбари Ли Гон Хи вафот этди, дея хабар беради Bloomberg. 90-йиллар охирида у ўпка рак касаллигидан даволанган, 2014 йилда эса инфарктдан кейин комага тушиб қолган эди. Раҳбар комага тушгандан буён компанияни унинг ўғли Ли Чже Ену бошқариб келган эди.

Ли Гон Хи 1987 йилда раҳбарликка тайинланган эди, ўша пайтда Samsung компаниясининг даромади 8,7 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2014 йилга келиб у 350 миллиард доллардан ошди.

2006 йилда Samsung Sony компаниясидан телевизорлар ишлаб чиқариш бўйича олдинга ўтиб кетди. 2011 йилда эса Galaxy смартфонлари ишлаб чиқарилиши бошланди ва бир йил ўтиб Apple дан олдинга ўтиб кетди.

Янги кўринишдаги AirPods қулоқчинлари

Apple компанияси 2021 йилда AirPods ва AirPods Pro қулоқчинлари янги кўринишда чиқиши ҳақида маълум қилди.

AirPods қулоқчинларининг микрофон таёқчаси кичикроқ бўлиб, ҳозирги AirPods Pro версиясига ўхшаш бўлади.

AirPods Pro эса таёқчалардан воз кечиб, Google ва Samsung компаниялари қўллайдиган думалоқ кўринишга эга бўлади.

2019 йилда ишлаб чиқарилган AirPods Pro. Фото: VC.ru
Starlink интернетининг нархи ва синов натижалари

Бета-тест гуруҳи иштирокчилари Starlink интернетини синовдан ўтказди. Ушбу алоқадан фойдаланиш учун аввал $499 атрофида баҳоланадиган қабул қилувчи қурилма сотиб олиш керак. Интернетнинг ойлик абонент тўлови эса $99 га тенг.

Интернет тезлиги 50 мбит/с дан — 150 мбит/с гача, қурилмаларнинг маълумот алмашишининг тезлиги эса (пинг) 20 дан 40 миллисекундгача бўлган. Интернетнинг сифати орбитадаги сунъий йўлдошларнинг сонига боғлиқ: улар қанча кўп бўлса, алоқа сифати шунча баланд бўлади.

SpaceX ҳозирда орбитага 500 дан ортиқ Starlink сунъий йўлдошларини учирди. Умумий ҳисобда 12 мингта сунъий йўлдошлар учирилиши кутилмоқда.

Cyberpunk 2077 ўйини декабрга қолдирилди

Cyberpunk 2077 видео-ўйини 10 декабрга қолдирилди. CD Project Red компанияси хабар беришича, бунга асосий сабаб ўйин барча платформаларда бир вақтнинг ўзида чиқишида. Cyberpunk 2077 компьютер, PlayStation ва Xbox платформаларида чиқиши кутилмоқда.

Бу эса компанияга қўшимча қийинчилик туғдиради, чунки ўйин ҳар бир платформада синовдан ўтиши керак.

Аввалига Cyberpunk 2077 апрелдан сентябрга, сентябрдан ноябрга ва ҳозир 10 декабрга қолдирилди.

Фото: Cyberpunk 2077 Youtube-канали

AMD компанияси янги видеокарталарни тақдим этди

28 октябрь куни AMD компанияси RDNA2 архитектурасига эга янги Radeon RX 60 видеокарталарини тақдим этди: Radeon RX 6800 (16гб), Radeon RX 6800 ХТ (16гб), Radeon RX 6900 ХТ (16 гб). Барча видеокарталар GDDR6 видео-хотирасига эга.

График процессорлар 7 нм техпроцессорлар асосида ишлаб чиқилган.

Radeon RX 60 видеокартлари самарадорлик бўйича Nvidia Geforce RTX 30 билан тенглаша олади. Бундан ташқари AMD видеокарталари камроқ қувват сарфлайди.

Фото: AMD

Telegram мессенжери янгиланди

30 октябрь куни Telegram мессенжери янгиланди. Асосий ўзгаришлардан бири — бир нечта хабарларни қадаш («Pin to top/Закрепить») функцияси. Аввал гуруҳ ва каналларда фақат битта хабарни юқорига қадаб қўйиш мумкин эди. Бундан ташқари, бу функция энди шахсий ёзишмаларда ҳам ишлайди.

Бир нечта мусиқа юборилганда эса улар плейлист ва бир бутун хабар кўринишида бўлади.

Шунингдек, геожойлавшувни жонли тарзда кузатиб туриш ва кенгайтирилган постлар статистикаси ҳам қўшилди.

Фото: Telegram blog