Тошкент вилоятида дорихонадан ташқарида ремдесивир дори воситасини 850 минг сўмдан сотган шахс аниқланди. Бу ҳақда «Газета.uz» га Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва ДБҚнинг Тошкент вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тадбирда, фуқаро Ж.А. томонидан пандемия шароитида катта миқдорда пул ишлаш мақсадида, коронавирус инфекциясини даволашда фойдаланиладиган Remdesivir for Injection номли дори воситасини, дорихона ва унинг филиалидан ташқарида ҳар бир қутисини 850 минг сўмдан ҳисоблаб, 200 қутисини 170 млн сўмга сотган вақтида ушланган.

Терговга қадар текширувда, Ж.А. Remdesivir for Injection дориларини қайта сотиш мақсадида фуқаро М.К. дан харид қилганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ж.А. ва М.К.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 1863-моддаси 3-қисми «а» банди (сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ЖССТ таҳлилларига кўра, ремдесивир дори воситаси COVID-19 ни даволашда самарасиз деб топилган эди. Бироқ, ССВ ремдесивирни COVID-19 касаллигини даволашда яхши натижа кўрсатаётган дори воситаларидан бири сифатида келтирган эди.