Туркиянинг Измир провинциясида юз берган 6,6 балли зилзила қурбонлари сони 79 кишига етди, дея хабар берди «Онадўли» ахборот агентлиги.

Айни пайтда жабрланганлар сони 962 кишини ташкил этиб, улардан 743 нафари касалхоналардан чиқарилди, 219 киши эса даволанишда давом этмоқда.

Ҳозирда 8 та турар-жой биноси вайроналари устида қидирув-қутқарув ишлари давом эттирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жума куни Туркиянинг ғарбий қисмида, эпицентри Эгей денгизида бўлган 6,6 балли зилзила содир бўлган эди. Бунинг оқибатида кичик цунами юзага келиб, Сеферихисар шаҳри қирғоқ кўчаларининг сув босишига сабаб бўлди. Биринчи зилзиладан сўнг жами 1120 та кучсизроқ зилзила қайд этилди, шулардан 43 тасида магнитуда 4 баллдан ошган.