Ноябрь ойида ўртача ҳарорат октябрга нисбатан 5−7 даража пастроқ бўлиши ва ёғингарчилик ҳам кўпроқ бўлиши кутилмоқда, дея хабар берди Ўзгидромет матбуот хизмати.

Октябрь ойи ҳарорат режими бўйича нисбатан салқин келди. Энг совуқ кунларда кундузги ҳарорат 12−15 даражагача пасайди. Охирги беш кунликда эса 10−13 даража илиқ бўлди, энг иссиқ кунларда кундузи 24−26 даражадан ошмади.

Ноябрь ойининг ўртача ҳарорати октябрга нисбатан 5−7 даража пастдир. Бу ойда ёғингарчилик ҳам кўпроқ кузатилади ва ёмғирнинг қорга айланиш ҳолатлари такрорланиб туради. Тоғли туманларда айрим жойларда қор қоплами ҳосил бўлсада, кўпинча у беқарор бўлади.

Ноябрнинг деярли бутун биринчи ҳафтаси давомида Ўзбекистонда об-ҳаво кам булутли бўлади. Дам олиш кунларида булутлилик ортади, бироқ қуруқ ҳаво кейинги ҳафтанинг бошигача сақланиб туради. Ҳарорат кечаси 2−7 даража, кундузи 18−23 даража бўлади.

Кейинчалик иссиқ тўлқинлар совуқ тўлқинлар билан алмашиб туради, ҳарорат кечаси 5−8 даража илиқдан 0−3 даража совуққача, кундузи 17−20 даража иссиқдан 3−6 даража илиққача ўзгариб туради. Ёғингарчилик асосан ёмғир кўринишида бўлади.

Кузатувлар тарихидаги энг иссиқ йилларда ноябрь ойида ҳарорат, одатда, ойнинг биринчи ярмида 27−32 даражагача, жанубда 34 даражагача кўтарилган. Ўтган асрнинг ўртасигача энг совуқ ноябрларда ҳарорат 13−18 даража совуққача, ҳатто ундан ҳам паст, шимолда 22−27 даража совуққача пасайган. Лекин сўнгги 50 йил ичида республика ҳудудида ноябрда бундай совуқ кузатилмаяпти. Камдан-кам ҳолатларда тунда ҳарорат 4−6 даража совуққа, шимолда 13−16 даража совуққача тушади. Фақат 2016 йил ноябрининг охирги ўн кунлигида ҳарорат 8−13 даража совуқ, шимолда 20−22 даража совуқ бўлган.

Ўзгидрометнинг жаҳон об-ҳаво марказлари маълумотларидан фойдаланиб тайёрланган дастлабки баҳоларига кўра, ноябрь ойи ҳарорат режими ёғингарчилик режими бўйича меърларга яқин бўлиши кутилмоқда, дея хабар берди синоптиклар.