Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат инспекциясининг пахта йиғим-терими мавсумида мажбурий меҳнатга қарши кураш бўйича олиб борган мониторинг тадбирларига кўра, 158 нафар мансабдор шахснинг меҳнат қонунчилигини бузгани аниқланди ва 577 млн сўмдан ортиқ миқдорда жаримага тортилди. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Республика ҳудудларида 2 570 дан ортиқ ташкилот, фермер хўжалиги ва кластерларда ўтказилган мониторинг натижасида меҳнат муносабатларига риоя қилиниши юзасидан 158 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.

Хабарга кўра, 35 нафар мансабдор шахс мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолати юзасидан 372 млн 410 минг сўм миқдорида маъмурий жаримага тортилди. Банд бўлмаган аҳолини теримга жалб қилиш, теримчилар учун муносиб меҳнат ҳамда дам олиш шароитларини яратиш, терим пулларини ўз вақтида ва белгиланган меъёрларда бериш масалалари юзасидан 123 нафар мансабдор шахсга 204 млн 937 минг сўм миқдорида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси (мансабдор шахс томонидан меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш) бўйича жавобгарликка тортилди.

«Ўтказилган мониторинг давомида 550 дан ортиқ фуқаролар билан тегишли шартномалар расмийлаштирилмагани аниқланиб, нафақат фермер хўжаликлари ва кластерлар раҳбарлари, балки, фуқаролар билан ҳам тушунтириш ишлари олиб борилди ва тегишли шартномалар тузилди. 53 та ҳолатда айбдорларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилди», — дейилади Меҳнат вазирлиги хабарида.

Жойлардаги 17 та фермер хўжалиги ва кластерларда 410 нафардан ортиқ фуқарога терим пуллари ўз вақтида берилмаган ва мониторинг тадбирлари натижасида уларга 173 млн сўмдан ортиқ кунлик иш ҳақи тўлаб берилиши таъминланди.

Давлат меҳнат инспекцияси мажбурий меҳнат ҳолатларига гувоҳ бўлган фуқаролардан 1176 қисқа рақамига, (71) 200−06−00 Ишонч телефонига ёки www.dmi.mehnat.uz сайти орқали мурожаат қилишларини сўради.