2 ноябридан Марказий банк ўлчовли олтин қуймаларни тижорат банклари орқали сотувга чиқармоқда. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, оғирлиги 5, 10, 20 ва 50 грамм бўлган, 999,9 софликдаги олтиндан тайёрланган қуймалар махсус ҳимоя қадоқларида сотув учун тақдим этилади. Олтин қуймаларнинг қадоғи сертификат вазифасини бажаради ва ўз серия рақамига эга бўлади.

Олтин қуймаларнинг сотиш ва қайтариб сотиб олиш нархлари олтиннинг жаҳон бозоридаги нархи ва Марказий банк томонидан белгиланган маржа ёки чегирма асосида шаклланади ва ҳар куни Марказий банкнинг веб-сайтида миллий валютада эълон қилиб борилади.

Олтин қуймаларининг нархлари:

  • 5 грамм — 3 436 000 сўм
  • 10 грамм — 6 623 000 сўм
  • 20 грамм — 13 121 000 сўм
  • 50 грамм — 32 177 000 сўм
  • Олтин эсдалик тангаси (31,1 грамм) — 20 014 000 сўм

Олтин қуймалар Италиянинг Certiline Srl. компанияси билан хамкорликда ишлаб чиқилган махсус қадоқларда муомалага чиқарилади.


Қадоқда 3 турдаги ҳимоя элементлари мавжуд.


Маржа ва чегирма миқдорлари ўлчовли қуймаларнинг муомалага чиқарилиши ва муомалада бўлиши билан боғлиқ операцион харажатларни ҳисобга олган ҳолда белгиланади.

Қадоқлари бут олтин қуймалар сотув шохобчаларида тижорат банки томонидан ёмби эгасига тўловни дарҳол амалга ошириш орқали қайтариб сотиб олинади.

Қадоғи бузилган ёки техник талабларга мос келмайдиган олтин қуймаларни қайтариб сотиб олиш уларни техник экпертизадан ўтказиш орқали амалга оширилади ва экспертиза ўтказилгандан сўнг тўлов тўлаб берилади.

Бутун Ўзбекистон бўйлаб ўлчовли олтин қуймаларни сотиш ва қайтариб сотиб олиш шохобчалари (тўлиқ рўйхат) мавжуд.

Қадоғи бут ҳолатдаги олтин қуймаларни Ўзбекистон ҳудудидан ташқарига олиб чиқишга рухсат берилади.

Эслатиб ўтамиз, Марказий банк бундан аввал, 2018 йилда чиқара бошлаган олтин ва кумуш эсдалик тангаларининг барчаси ҳозирга келиб сотиб бўлинди. Жами 1900 та олтин ва 6900 та кумуш тангалар сотувга чиқарилганди. 2019 йил октябрь ойида кумуш тангалар, 2020 йил сентябрига келиб олтин тангалар сотувда қолмаган.