Молдовада 15 ноябрь куни президентлик сайловларининг иккинчи босқичи ўтказилади

Фото: twitter.com/dherreraphoto

Молдова Марказий сайлов комиссияси (МКС) овозларнинг 75 фоизини кўриб чиққанидан сўнг, 15 ноябрь куни бўлиб ўтадиган президентлик сайловларининг иккинчи босқичини эълон қилди. Биринчи тур натижаларига кўра, амалдаги давлат раҳбари Игорь Додон 36,27 фоиз овоз билан биринчи ўринни эгаллади, собиқ бош вазир Майя Санду 31,03 фоиз овоз билан иккинчи ўринда турибди. Номзодларнинг ҳеч бири 50 фоиздан ортиқ овоз олмагани сабабли ғолиб иккинчи босқичда аниқланади. Молдова МСКси сайловларда иштирокчилар сони 42,7 фоизга етгани сабабли президентлик сайловларининг биринчи турини ҳақиқий деб тан олди. — РИА Новости.

Германияда 2 ноябрдан бошлаб карантин чоралари кучайтирилмоқда

Фото: Bundesregierung/Bergmann

Германияда коронавирусга чалиниш ҳолатлари кўпайиб бораётгани сабали карантин чоралари кучайтирилди. 2 ноябрдан бошлаб мамлакатда, хусусан, ресторанлар, барлар, кинотеатрлар, кўнгилочар жойлар, фитнесс клублари, ёпиқ сузиш ҳавзалари, дўконлар фаолиятлари тўхтатилади. Карантин пайтида меҳмонхоналар сайёҳларни қабул қилмайди, иш сафарида бўлган фуқаролар бундан мустасно. Мамлакат аҳолисининг жамоат жойларида ўндан ортиқ киши бўлиб тўпланиб туриши тақиқланади. Карантин чоралари куз охиригача давом этиши кўзда тутилган. Германия канцлерининг гапларига кўра, ушбу чоралар Германия соғлиқни сақлаш тизимининг қулашига йўл қўймаслик учун зарурдир. — Германия ҳукумати сайти.

Black Star компаниясининг банк ҳисоблари блокланди

Россияда Black Star компаниясининг «Aльфа-Банк», «Банк 24», «Сбербанк» ва «Райффайзенбанк»даги ҳисоб рақамлари блокланди. Ҳисобларнинг блокланишига Федерал Солиқ хизмати Москва департаментининг солиқларни тўламаганлиги тўғрисидаги даъвоси сабаб бўлди. Уларнинг миқдори аниқланмаган. Black Star компанияси молия директори аккаунтларнинг блокланганини тасдиқлади, аммо буни техник хато деб айтди. Унга кўра муаммолар бир кун ичида ҳал қилинади. «Бизда муддати ўтган солиқлар йўқ, биз ўз вақтида тўлаймиз, хавотир олманг», — деб тушунтирди у. — Mash.

Туркиядаги зилзила қурбонлари сони 91 кишига етди

Туркиянинг Измир провинциясида юз берган 6,6 балли зилзила қурбонлари сони 91 кишига етди. Айни пайтда жабрланганлар сони 962 кишини ташкил этиб, улардан 743 нафари касалхоналардан чиқарилди, 155 киши эса даволанишда давом этмоқда. Ҳозирда 5 та турар-жой биноси вайроналари устида қидирув-қутқарув ишлари давом эттирилмоқда. — Газета.uz