Президент Шавкат Мирзиёев 30 октябрь куни «Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонини имзолади.

Ҳужжатга асосан, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда — юриш, югуриш, мини-футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол, «Workоut» (маҳалла ва кўча фитнеси) спортнинг устувор турлари этиб белгиланади. Ушбу спорт турларини ривожлантириш ва кенг оммага татбиқ қилиш учун 2021 йилдан бошлаб ҳар йили 104 млрд сўм ажратилади.

2021 йил 1 январдан бошлаб меҳнат жамоаларида фаолият юритаётган ходимга «Спорт тарғиботчиси» қўшимча вазифасини юклаш ва унинг иш ҳақига 20 фоиз миқдорда устама белгилаш йўлга қўйилади.

Иш вақтидан сўнг ҳафтада камида бир марта раҳбар ва барча ходимлари югуриш, стритбол, футбол, бадминтон, волейбол, баскетбол, стол тенниси, сузиш сингари спорт турлари билан шуғулланиши таъминланади.

Давлат органлари ва ташкилотларининг касаба уюшмалари ва иш берувчилари ўртасидаги жамоа шартномаларида ходимларига ишлаб чиқариш гимнастикаси машқларини бажариши учун иш вақтига киритиладиган махсус танаффусларни белгилаш жорий этилади. Ҳар шанба куни эса соат 14:00 дан сўнг ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида югуриш, стритбол, футбол, бадминтон, волейбол, баскетбол, стол тенниси, сузиш ва бошқа спорт турлари бўйича оммавий спорт мусобақалари ташкил этилади.

Биринчи раҳбарлар «Шахсий намуна» тамойили асосида ўзларининг антропометрик кўрсаткичларини (семизлик даражасини, вазн индексини камайтириш, саломатликни мустаҳкамлаш) яхшилаш орқали ходимларнинг антропометрик кўрсаткичларининг яхшиланишига қаратилган чора-тадбирларни амалга оширади.

Бундан ташқари аҳолини кунлик юриш ва югуришга тарғиб қилиш мақсадида «Соғлом турмуш тарзи» (www.1hls.uz) платформасини яратиш ҳам кўзда тутилган.