Андижон ва Самарқанд вилоятларидаги мактабгача таълим ташкилотлари куз-қиш мавсумига тайёргарлик чоғида тарбиячи аёллар томонидан сифатсиз кўмирдан қўлбола брикет (таппи) тайёрлаётган жараёни акс этган фотосуратлари ижтимоий тармоқларда тарқалиб, кенг муҳокамага сабаб бўлди. Ушбу масалага Мактабгача таълим вазирлиги ойдинлик киритди.

Фото: Жураева Фатима/ Facebook

«Ушбу ҳолат Самарқанд вилояти Тайлоқ туманидаги 30-сонли мактабгача таълим муассасида бўлган. Ушбу муассасага 11 тонна кўмир келтирилган. Ана шу кўмирнинг 400−500 килограми майдаланган, сифатсиз кўмир шаклида бўлган ва шу сабабли ходимлар томонидан шу ҳолатда тайёрланган. Мактабгача таълим муассасаси директори кўмирни увол қилмаслик мақсадида ўз ихтиёрлари билан қўлбола брикетларни ясагани маълум бўлди» — дея изоҳ берди Мактабгача таълим вазири ўринбосари Шодиёр Маматқулов.

Маълумот ўрнида, вилоят мактабгача таълим бошқармаси томонидан «Ўзбеккўмир» АЖнинг Самарқанд кўмир етказиб берувчи филиалидан 964 миллион сўмга 894 тонна кўмир ҳамда 1686 тонна кўмир брикет харид қилинган.

Андижон вилоят Мактабгача таълим бошқармаси томонидан ишчи гуруҳи тузилиб, жойларга чиқиб ўрганиш жараёнида эса бундай ҳолат қайси туманда ва қайси мактабгача таълим муассасида содир бўлгани аниқланмаган.

Андижон вилоятидаги мактабгача таълим муассасалари учун 2020−2021 йил куз-қиш мавсуми учун жами 19,989 тонна кўмир ва брикет маҳсулотларини етказиб бериш кўзда тутилган. Шундан 5771 тонна кўмир ҳамда 14,718 тонна кўмир-брикет ёқилғиси олиш режалаштирилган бўлиб, ҳозирга қадар ушбу кўрсаткичнинг 74 фоизи бажарилган.

Фарғона, Наманган, Сурхондарё, Бухоро, Андижон вилоятларидаги мактабгача таълим муассасаларида сифатсиз кўмирни қайтариб бериш ҳолатлари ва улар бўйича далолатномалар тузилгани ҳақида маълум қилинди. Далолатномаларга кўра, «Ўзбеккўмир» АЖ билан ҳамкорликда сифатсиз кўмир сифатли кўмир маҳсулотларига алмаштириб берилган.