Давлат тест маркази сентябрь ойидаги тест синовлари учун амалга оширилган харидлар юзасидан маълумот берди.

ДТМ берган хабарга кўра, Давлат комиссиясининг 19 июлдаги 1-сон баёни билан ДТМ коронавирус пандемиясига қарши курашиш чора-тадбирларидан келиб чиқиб, тест синовларида абитуриентларни тиббий ниқоб, қўлқоп, ручка, ичимлик сувлари, гуруҳ назоратчилари ҳамда ушбу жараёнга жалб этиладиган ходимларни сифатли тушлик билан ўз вақтида таъминлаш мақсадида ички танлов асосида шартномаларни расмийлаштириши белгиланган.

«Шунингдек, Давлат комиссиясининг 28 августдаги 3-сон баёни билан Давлат тест маркази тест синовлари очиқ стадионлар ва хиёбонларда ўтказилиши муносабати билан қуёш нуридан ҳимоялаш мақсадида, абитуриентларни бош кийим (кепка) билан таъминлаш учун ички танлов асосида шартномаларни расмийлаштиришга рухсат берилган», — дейилади ДТМ хабарида.

Хабарга кўра, «BOBURXON BN NODIRXON» корхонаси билан дастлаб тузилган шартномага биноан корхона 1 млн дона бош кийимни 6174 сўмдан 6 млрд 174 млн сўмга, 15% қўшимча қиймат солиғи билан бирга 7 млрд 100 млн 100 минг сўмга етказиб бериши керак бўлган. Лекин корхона белгиланган миқдорда бош кийимларни етказиб бера олмагани учун дастлабки шартнома бекор қилиниб, қўшимча келишув имзоланган ва 69 506 дона бош кийимни 429 млн сўмдан ортиқроқ маблағга, 15% қўшимча қиймат солиғи билан бирга 493 млн 499 минг сўмга етказиб берган. Ушбу корхона бош кийимларни етказиб бера олмагани учун бошқа корхоналар билан ҳам бош кийим етказиб бериш бўйича шартномалар имзоланган.

«Гуруҳ назоратчилари ҳамда ушбу жараёнга жалб этиладиган ходимлар эрталаб 06:00 дан кечки 20:00 қадар 15 соат давомида тест синовлари ўтказиладиган ҳудудда бўлганлиги сабабли уларни сифатли тушлик билан ўз вақтида таъминлаш мақсадида ҳар бир ҳудудда турли корхоналар билан шартномалар имзоланган. Бунда энг қиммат шартнома Тошкент шаҳри учун бўлиб, 13 кунга 12610 дона тушлик (бир марталик идиш, овқат, салат, нон, сув, булочка) нинг ҳар бирига 31 000 сўмдан (етказиб бериш билан бирга) жами 390 млн 910 минг сўмга имзоланган», — дея хабар берди ДТМ матбуот хизмати.

Бундан ташқари, Самарқанд вилоятида 12 кунга 5467 дона тушликнинг ҳар бирига 25 000 сўмдан жами 136 млн 675 минг сўмлик шартнома имзоланган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон бўйлаб ОТМларга кириш имтиҳонлари 2 сентябрдан бошлаб 2 сменада ўтказилди ва уларда 1,2 млн нафар абитуриент қатнашди.