Ўзбекистонда «Сифатли дори-дармонлар қўллашни рағбатлантириш плюс» (Promoting the Quality of Medicines Plus) дастури амалга оширилади. Уни амалга ошириш бўйича меморандум АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги (Фарм агентлиги) томонидан имзоланди. Мазкур меморандум USAIDнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи Ребекка Блэк ва Фарм агентлиги директори Сардор Кариев томонидан имзоланди.

АҚШнинг Ўзбекистондани элчихонаси хабар беришича, дастур Фарм агентлигига унинг назорат ва бошқарув салоҳиятини мустаҳкамлаш, шаффофлик ва ҳисобдорликни ошириш, дори воситалари сифатини таъминлаш тизимини бошқариш, беморлар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда микробларга қарши дори воситаларига турғунлик шаклланиши билан курашишда техник кўмак кўрсатади.

Дастур доирасида фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг халқаро андозаларга мос равишда фаолият юритишини таъминлаш мақсадида юқоридаги дастур доирасида тегишли ишлаб чиқариш тажрибаси бўйича инспекция ташкил этилади.

2019 йилнинг апрель ойида президент Шавкат Мирзиёев «2019−2021 йилларда республика фармацевтика тармоғини янада жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонни имзолади. Фармон сифатли дори воситалари ва тиббиёт буюмларига бўлган талабни маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобига қондириш мамлакат учун асосий устувор вазифа бўлишини белгилайди.

USAID 2014 йилдан бери силга қарши дори воситалари хавфсизлигини ошириш мақсадида Ўзбекистондаги хусусий секторни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ўзбекистон силга қарши дори воситаларини ички бозордан харид қилиш амалиётига ўтар экан, маҳаллий ишлаб чиқарилаётган силга қарши дори воситалари халқаро сифат стандартларига мос бўлиши муҳим роль ўйнайди.

«Сифатли дори-дармонлар қўллашни рағбатлантириш плюс» дастури бу USAID ва АҚШ Фармакопия конвенцияси ўртасида беш йил муддатга тузилган ҳамкорлик битими ҳисобланиб, у паст ва ўрта даромадли мамлакатларда дори воситалари ва тиббиёт буюмлари сифатини таъминлаш тизимини барқарор равишда кучайтиришдан иборат.