Ўзбекистон президенти Туркиянинг ғарбий ҳудудларида юз берган табиий офат — кучли зилзила оқибатида инсонлар қурбон бўлгани, кўплаб фуқаролар жaроҳат олгани ҳамда катта талафот кўрилгани муносабати билан Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоғанга таъзия йўллади, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Президент ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик изҳор этиб, жароҳатланганлар тез фурсатларда шифо топишини тилади.

Эслатиб ўтамиз, 30 октябрь куни маҳаллий вақт билан 14:51 да Туркия ғарбидаги Измир провинцияси Сеферихисар тумани ҳудудида 6,6 баллик зилзила қайд этилди. Сўнгги маълумотларга кўра, 12 киши вафот этди, 438 киши жароҳатланди. Вайроналар остидан 70 дан ортиқ киши қутқариб қолинди. Айни вақтда 17 та вайрон бўлган бинода қидирув-қутқарув ишлари давом эттирилмоқда.

Шунингдек, зилзиладан сўнг ушбу ҳудудда 97 марта афтершок қайд этилди. Улардан 20 тасининг магнитудаси 4 дан юқори бўлди.