Ўзбекистоннинг Латвиядаги элчиси Қадамбой Султонов 29 октябрь куни Эстония Президенти Керсти Калюлайдга ишонч ёрлиқларини топширди, дея хабар берди Дунё ахборот агентлиги. У Ўзбекистоннинг Эстониядаги биринчи элчиси бўлди (қароргоҳи Рига шаҳрида).

Эстония раҳбарининг «Кадриорг» саройидаги тантанада президент Керсти Калюлайд илк бор Эстонияда элчи тайинлаш орқали Ўзбекистон-Эстония ҳамкорлиги даражасини кўтаргани учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдирди.

«Дипломатик қамровнинг кенгайиши, авваламбор, Ўзбекистон ва дунё мамлакатлари ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга иқтисодий қизиқиш тобора ортиб бораётганлигининг далилидир», — деди у.

Кадамбой Султонов 2019 йилнинг кузидан буён Ўзбекистоннинг Латвиядаги элчиси бўлиб ишлаб келмоқда. 2020 йил 27 августида у қароргоҳи Ригада жойлашган ҳолда Ўзбекистоннинг Финляндиядаги элчиси сифатида расманаккредитациядан ўтди.