Apple акцияларининг нархи 29 октябрь куни 4,21% га пасайди, бу эса компаниянинг бозор қийматининг тахминан 83 млрд долларини ташкил қилади, дея хабар берди РБК.

Apple компанияси Хитойдаги сотув миқдори 2014 йилдан бери энг паст даражага тушиб қолгани ҳақида хабар берди. Июлдан сентябргача бўлган вақт оралиғида компаниянинг Хитойдаги даромади ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 29 фоизга камайди ва 7,95 млрд долларни ташкил этди. Ва бу компания акцияларининг нисбатан қадрсизланишига олиб келди.

Bloomberg нинг ёзишича, Apple бизнеси учун муҳим минтақалардан бирида кузатилаётган ушбу ҳолат компания сармоядорларини хавотирга солмоқда ва улар компаниянинг технология бозорида рақобатни қўлдан бой бераётганлигини таъкидлашмоқда.

Шундай бўлсада, компания Хитойдаги муваффақиятсизликни Mac компьютерлари (29,2 фоизга) ва iPad планшетлари (46 фоизга) савдосининг сезиларли даражада ўсиши билан қоплади. iPhone савдоси эса 21 фоизга пасайди.

Компания ушбу вазиятни iPhone 12 тақдимотининг кечиккани билан изоҳламоқда. Асосан, Apple оммага ўз қурилмаларининг янги моделларини учинчи чоракнинг бошида тақдим этади. Бироқ, пандемия компаниянинг таъминот занжирини узиб қўйиши оқибатида тақдимот октябрга қолдирилишига тўғри келган эди.