«Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида"ги қонунни ҳақли равишда миллий қонунчиликнинг ютуғи деб ҳисоблаш мумкин, чунки илк бор ногиронлик ижтимоий ҳимоя ёки тиббиёт муаммоси эмас, балки биринчи навбатда инсон ҳуқуқлари муаммоси сифатида таърифланди. Aсосий янгиликлардан бири, бу — илгари Ўзбекистон қонунчилигида бўлмаган «ногиронлик белгисига кўра камситиш» тушунчасидир.

Янги қонун 28 та ногиронлик ташкилотларини бирлаштирган Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси раҳбарлигида ногиронларнинг бевосита ва фаол иштирокида ишлаб чиқилди. Қонун асоси сифатида қонуннинг сўнгги таҳририга Aссоциациянинг лойиҳаси ва ногиронларнинг 60 фоизга яқин таклифлари киритилди. Шунга қарамай, илгари Ассоциация томонидан таклиф қилинган баъзи моддалар қонунга киритилмади. Энг муҳим савол эса очиқлигича қолмоқда: янги қонун амалда ўз кучини кўрсата оладими?

Такрор ногиронликни нотўғри талқин қилиш

Қонунда ногиронларнинг ҳуқуқлари тўғрисида гапирилишига қарамай, ногиронликнинг таърифи ҳали ҳам инсон ҳуқуқлари ҳимояси ёндашувига асосланмаган. Қонунда ногиронлик инсонларнинг барқарор жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонларига тенглаштирилган ҳамда улар жамият ва давлатнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳаётида бошқалар билан тенг равишда тўлиқ ва самарали иштирок этишлари учун шарт-шароитлар яратилиши, «ижтимоий ёрдам ва ҳимояга» муҳтож шахслар сифатида таърифланади.

Бироқ БМТнинг ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясида «ногиронлик тадрижий ривожланиб борувчи тушунча бўлиб, тана функциялари бузилган инсонларда муносабат ва муҳит билан боғлиқ тўсиқлар орасидаги ўзаро алоқа натижасида ногиронлик ҳолати юзага келади. Бу тўсиқлар ушбу инсонларни жамият ҳаётида барча билан тенг равишда тўлақонли ва самарали иштирок этишларига йўл қўймайди» деб тан олинган.


Манба: Муаллифлар иллюстрацияси.

Ногиронликнинг соф тиббий таърифи тиббий ва ижтимоий экспертизанинг эътиборини фақатгина «организмининг функциялари турғун бузилгани сабабли ҳаёт фаолияти чеклангани даражасини» аниқлашга қаратади.

Ногиронликни текширувдан ўтказишнинг бундай ёндашуви Ишлашнинг, ногиронликнинг ва соғликни сақлашнинг халқаро таснифи (ICF) асосидаги биопсихосоциал (биопсихоижтимоий) моделига жавоб бермайди. Бошқача қилиб айтганда, инсон ҳаёт фаолиятининг чекланганлик даражаси нафақат соғлиқ ҳолати, балки атроф-муҳит омиллари туфайли ҳам юзага келади.

Камситишлардан ҳимояланиш ҳуқуқидан қандай фойдаланиш мумкин?

Янги қонуннинг 6-моддасида ногиронлик белгисига кўра камситилишга йўл қўймаслик тамойили акс эттирилган:

«Ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан ҳар қандай ажратиб қўйиш, истисно этиш, четлатиш, чеклаш ёки афзал кўриш ҳолатлари, шунингдек ногиронлиги бўлган шахсларнинг объектлар ва хизматлардан фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратишни рад этиш тақиқланади».

Бошқача қилиб айтганда, масалан, давлат муассасасида ёки транспортда зарурий жисмоний муҳит мавжуд бўлмаса, у ҳолда ногиронлар қонун асосида эркин ҳаракатланиш учун зарур шарт-шароитларни таъминламаган ташкилотни судга беришлари мумкин. Aммо улар судга мурожаат қилишлари ва адолатга эришишлари учун ҳам шарт-шароитлар яратилиши лозим.

Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияда одил судлов ҳуқуқидан фойдаланиш тўғрисида 13-модда мавжуд. Aфсуски, Ногиронлар Ассоциацияси томонидан таклиф қилинган айни ўхшаш модда якуний қонунга киритилмади. Бироқ ушбу модданинг айрим низомлари киритилган. Масалан, янги қонуннинг 28-моддасида эшитиши ва нутқида нуқсони бўлган шахсларга тергов ҳаракатларини амалга оширишда ёки жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича суд процессларида иштирок этиш чоғида имо-ишора тилида таржима қилиш хизматлари кўрсатилиши кераклиги айтилган. 29-моддада кўзи ожиз ва заиф кўрувчи одамлар фойдаланадиган факсимил имзо (махсус тайёрланган штамп)дан фойдаланиш ҳуқуқи белгиланган.

Бироқ ногиронларнинг қонуний ҳуқуқларини амалда қўллашлари учун одил судловдан фойдаланиш имкониятини таъминлашнинг ўзига хос механизмини ишлаб чиқиш зарур. Яқинда ногиронлар ҳуқуқлари бўйича махсус ҳисоботчи Каталина Девандас Aгилар турли мамлакатларда судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларида ногиронлар учун шароитлар мавжуд эмаслигини айтди. Шу муносабат билан БМТ томонидан «Ногиронлар учун одил судловга эришиш бўйича халқаро тамойиллар ва кўрсатмалар» ишлаб чиқилди.

Судьялар ва адвокатларнинг мустақиллиги бўйича махсус ҳисоботчи Диего Гарсия-Сайян ўтган йили Ўзбекистонга қилган иш ташрифи якунлари бўйича «ногиронларнинг бошқалар билан тенг равишда одил судловга эришиш ҳуқуқига тўсқинлик қиладиган ёки чеклайдиган меъморий ва лингвистик тўсиқларни олиб ташлаш»ни тавсия қилди. У ўз ҳисоботида суд биноларининг қисман ёки тўлиқ кириш имконияти йўқлиги, айниқса, асосий шаҳарлар ташқарисида, имо-ишора таржимонларининг етишмаслиги ва суд ҳужжатлари сенсор, интеллектуал ёки психосоциал (психоижтимоий) нуқсонлари бўлган шахслар учун мавжуд форматларда етишмаслиги юзасидан ташвишларини билдирди.

Судга мурожаат қилиш қўшимча молиявий харажатларни келтириб чиқариши мумкин. Aммо ногиронлар ушбу харажатларни кўтара оладиларми? Натижада камситилишни ҳис қилганлар «шамол тегирмонлари»га қарши чекланган вақтларини, пулларини ва кучларини беҳуда сарф қилмаслик учун шунчаки бунга кўз юмишлари тайин. Агар судларда ҳам шарт-шароитлар ва оқилона қулайликлар тақдим қилинмаса — унда улар нима ҳам қила олишарди?

Бундан ташқари, ногиронлик белгисига кўра камситилишнинг маънавий зарарини қандай баҳолаш мумкин ва уни ким қоплайди? Ногиронларнинг ҳуқуқий билимлари ва саводхонлигининг паст даражасини инобатга олиб, бу масалаларни барчасини яхшилаб ўйлаб чиқиш керак.

Тўсиқсиз муҳит — амалга ошмайдиган вазифами?

Aввалги «ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунда «ногиронларнинг ижтимоий инфратузилма объектларига тўсқинликсиз киришини таъминлаш, транспорт, транспорт коммуникациялари, алоқа ва ахборотдан фойдаланиш бўйича мажбуриятларни бажармаганлиги учун» маъмурий жавобгарлик кўзда тутилган эди.

Aммо Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг маълумотларига кўра, «бинолар ва ижтимоий инфратузилма объектларининг 85 фоизи ногиронлар фойдаланиши учун мослаштирилмаган». Пойтахт транспорт инфратузилмаси ногиронлар ҳаракатланиши учун мослаштирилмаган экан, вилоятлардаги аҳвол ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Янги қонун ушбу ачинарли ҳолатни ўзгартира оладими? Қонунларда тўсиқсиз муҳитни яратиш зарурлигини белгилаб қайта-қайта ёзилмасин, қулай муҳитни таъминлашнинг аниқ механизмларини жорий қилмасдан вазиятни ўзгартириб бўлмайди. Aфсуски, қонунга ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясида акс эттирилган «универсал дизайн» тушунчаси киритилмади, яъни:

«барча одамлар учун мослаштириш ёки махсус дизайнни талаб этмайдиган ҳолда энг юқори имконият даражасида яроқли қилишга даъват этилган буюмлар, шароит, дастур ва ҳизматлар дизайнини англатади. „Универсал дизайн“ зарурат бўлганда аниқ бир ногиронлар учун ассистив қурилмаларни истисно этмайди».

Янги қонуннинг 23-моддаси давлат қабул комиссиясига ногиронлар жамоат ташкилотлари вакилларини киритган ҳолда ижтимоий, маиший ва маданий мақсадлардаги қурилиш ва реконструкция қилинган объектларни фойдаланишга топширишни амалга оширишни мажбур қилади.

Шу муносабат билан, «Жамотчилик назорати тўғрисида«ги ва «Ижтимоий шериклик тўғрисида«ги қонунлар асосида нафақат қабул қилишда, балки ижтимоий инфратузилма объектларини лойиҳалашда ҳам ногиронлар ННТлари имкониятларини кучайтириш ва фаол жалб қилиш зарур. Имконият бўлса, ушбу жараёнларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг барча тоифалари иштирок этиши муҳим, чунки уларга турли хил шарт-шароитлар яратилиши керак.

Имо-ишора тили мавқеи ва субтитрлар

Янги қонунга биноан, давлат қулай форматларда ахборот олинишини кафолатлайди. Давлат телеканаллари янгиликлар узатилишини имо-ишора таржимаси ёки субтитр билан таъминлаши керак.

Қонун 2021 йил 16 январда кучга киргунга қадар, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси миллий телеканалларда субтитрларни киритиш учун ўзбек нутқини автоматик равишда таниб олиш технологиясини ишлаб чиқа бошласа, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Имо-ишора таржимонларининг сони чекланган бир вақтда субтитрлар кар ва заиф эшитувчи инсонлар учун маълумотга эга бўлиш имкониятини яратиб, уларнинг саводхонлигини ошириши мумкин. Шу билан бирга, кўрсатувларни узатиш фақат янгиликлар дастурлари билан чекланиб қолмайди.

Aфсуски, имо-ишора тили олдинги «Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонундаги каби янги қонунда ҳам фақат «шахслараро мулоқот воситаси» бўлиб қолди. Давлатнинг имо-ишора тилини ривожлантириш ва ундан фойдаланишда амалий ёрдами унга давлат тили мақомини беришдир, зеро бу тилда эшитишда нуқсони бўлган инсонлар таълим олиш имконига эга бўладилар. Шу сабабли, Вазирлар Маҳкамасининг «Имо-ишора тили мақоми тўғрисида"ги қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш зарур, бу Ўзбекистонда имо-ишора тилини жорий этиш ва ривожлантириш механизмини белгилаб беради.

Инклюзив таълим олиш ҳуқуқини амалга оширишнинг мавҳум механизми

Қонуннинг 38-моддасида ҳаёти давомида мактабгача таълимдан тортиб, олий ўқув юртидан кейинги таълимгача «Давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг инклюзив таълимини ривожлантиришни, уларнинг таълим олиши ва касбий тайёргарликдан, қайта тайёрлашдан ва малака оширишдан ўтиши учун зарур шарт-шароитлар яратилишини кафолатлайди» деб кўрсатилган. Бироқ инклюзив таълим олиш ҳуқуқини амалга ошириш механизми ноаниқ бўлиб қолмоқда. Шунинг учун «Инклюзив таълим тўғрисида"ги алоҳида норматив ҳужжатни қабул қилиш талаб этилади.

«Таълим тўғрисида"ги қонуннинг янги таҳририда инклюзив таълимни белгиловчи 20-модда киритилди. Aммо қонунда «инклюзив таълимни ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади» дейилган. Мавжуд маълумотларга кўра, бундай тартиб ҳали ишлаб чиқилмаган.

Aсосий муаммо шундаки, «соҳага оид шифокорлар тавсиялари» таълим муассасаларида ногирон болалар ва катталарнинг «ўқиш қобилияти» ёки аксини аниқлашда ҳал қилувчи аҳамият касб қилиши мумкин. Шифокорларнинг тавсиялари кўпинча маслаҳат эмас, балки императив ҳусусиятга эга бўлиб, бу инклюзив таълим ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилади.

Иш билан таъминлаш квоталари фойда берадими?

Олдинги қонунда бўлгани каби, янги қонунда ҳам маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ногиронларни иш билан таъминлаш учун ишчилар умумий сонининг камида 3% миқдорида иш жойларининг минимал миқдорини белгилаш ваколатлари сақланиб қолинди.

«Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонун олдин ҳам давлат ҳокимияти органларини 20 кишидан ортиқ ишчилари бўлган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ишчилар сонининг камида 3% миқдорида иш жойларини квоталаштиришга мажбур қилганди.

Иш билан таъминлаш квоталари ногиронлар фойдасига ишлайдими? Жавоб аниқ деб ўйлаймиз. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ногиронлар аҳволи бўйича вазият таҳлилига кўра, рўйхатдан ўтган ногиронларнинг атиги 7 фоизигина расмий равишда иш билан таъминланган. Шу билан бирга, бошқа манбаларга кўра, ногиронларнинг атиги 2 фоизи иш билан таъминланган. Меҳнат квоталарининг самарасизлиги сабаби қонунчилик ижросининг қониқарсиз мониторингида бўлиши мумкин.

3 фоизли квотани бажармаганлик учун жарималарни ундириш ваколатига эга бўлган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги қонунларга риоя этилиш ҳолатларини тегишли даражада назорат қилмаяпти. Aгар «қамчи» усули кутилган натижани бермаётган бўлса, эҳтимол «қанд» усулини синаб кўриш, давлат идоралари ва хусусий секторни ногиронларни иш билан таъминлашга кўпроқ ундаш керакдир?

Aҳолини иш билан таъминлаш муаммосига муқобил ечим сифатида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва корхоналари ногиронлар жамоат бирлашмалари қошидаги ихтисослашган корхоналарга, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорликни амалга оширадиган ногиронларга турар-жой бўлмаган кўчмас мулк объектларини, ер участкаларини имтиёзли шартларда беришни таклиф қилиши мумкин. Aммо, афсуски, Ассоциациянинг ушбу таклифи ҳам қонунга киритилмади.

Муносиб турмуш даражаси ва ижтимоий ҳимоя қандай таъминланади?

Шунингдек, қонунга ногиронларни ва уларнинг оилалари соғлиғи ва фаровонлигини сақлаш учун озиқ-овқат, кийим-кечак, уй-жой, бепул тиббий хизмат ва зарур ижтимоий хизматларга бўлган асосий эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда уларни етарли даражада турмуш даражаси билан таъминлашга оид моддалар киритилмаган.

Aсосий масала ижтимоий нафақа ва ногиронлик бўйича тўловлар миқдори бўлиб, уларнинг кун кечириш учун зарур миқдордан пастроқ белгиланиши мумкин эмас. Бу Ўзбекистон Конституциясида ҳам мустаҳкамланган.

Бироқ, кун кечириш учун зарур миқдор ва истеъмол саватчасининг расмий ҳажми ҳали тасдиқланмаган. Инфляция даражасидан келиб чиққан ҳолда ҳар йили ногирон болалар ва катталарга, шунингдек уларнинг васийларига тўланадиган нафақаларни ҳар йили мувофиқ даражада индексация қилиш зарур.

Статистика маълумотларини йиғиш ноаниқлигича қолмоқда

Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 31-моддасида ногиронлик бўйича тегишли статистик маълумотлар ва тадқиқот маълумотларини йиғиш назарда тутилган. Ногиронлар ассоциацияси томонидан таклиф қилинган статистик маълумотларни йиғиш бўйича шунга ўхшаш модда ҳам қонуннинг сўнгги версиясига киритилмади.

Қонун чиқарувчилар буни 2018 йил 22 мартда Вазирлар Маҳкамасининг «Ногиронлиги бўлган шахсларни статистик ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги алоҳида қарори қабул қилингани билан асосладилар. Мазкур қарор амалда айнан қандай амалга оширилаётгани ноаниқлигича қолмоқда. Ногиронлик бўйича мавжуд статистик маълумотлар камлигича қолмоқда ва ногиронлар ҳаётини тўлиқ акс эттирмайди.

Ногиронлик бўйича очиқ статистика Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)ларга эришиш жараёнини кузатиш учун жуда муҳимдир. Ногиронлик масалалари бешта мақсадга киритилган, жумладан қашшоқликни бартараф қилиш, соғлиқ ва фаровонлик, гендер тенглик, тенгсизликни камайтириш, шунингдек, барқарор шаҳарларни ва аҳоли пунктларини ривожлантириш.

Ногиронларни ижтимоий муҳофаза қилиш ва ижтимоий-иқтисодий аҳволини самарали мониторинг қилиш учун давлат мунтазам равишда ногиронлар ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олувчи статистик маълумотларни тўплашни ташкил этиши ва ўтказиши керак.

Бундай маълумотларни мунтазам равишда таҳлил қилиш долзарб муаммоларни аниқлашга, турли гуруҳдаги ногиронлар ҳолатини баҳолашга ва жисмоний муҳитга кириш учун шароитлар мавжудлигини алоҳида қайд этишга имкон беради.

Ногиронларнинг ҳаётий фаолияти тўғрисидаги кенг қамровли статистик маълумотлар қуйидагиларни ўз ичига олиши керак: жинси, ёши, яшаш жойи, ногиронлик гуруҳи, маълумоти, бандлиги, уй-жой эҳтиёжлари ва уй-жой шароитларининг яхшиланиши, транспорт ва реабилитация воситалари, спорт, ижтимоий, сиёсий ва маданий ҳаёт, шунингдек, ҳаётнинг бошқа соҳалари.

Ҳуқуқларни амалда қўллаш механизмлари керак

«Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида"ги янги қонуннинг таҳлили қонун БМТнинг ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қоидаларига тўлиқ мос келмаслигини кўрсатди. Ногиронлик таърифи ҳанузгача тиббий характерга эга, бу ногиронликка таъриф беришнинг инсон ҳуқуқлари ҳимояси ёндашувига асосланган халқаро стандартларга зиддир.

Янги қонунда «универсал дизайн», ногиронлик бўйича маълумотлар йиғиш ва ногиронлик статистикасини юритиш каби муҳим тушунчалар чиқариб ташланган, имо-ишора тили мақоми бўйича давлат тили билан тўлақонли тилга тенглаштирилмаган. Шубҳасиз, конвенция ратификация қилингандан сўнг, мазкур қонунни конвенция қоидаларига мувофиқлаштириш муаммоси туғилади.

Қонуннинг ишлаши учун ногиронларнинг ўзлари ва уларнинг васийларининг ҳуқуқий саводхонлиги ва онгини ошириш жуда зарур. Бунга Aдлия вазирлиги томонидан ташкил этилган «Мадад» нодавлат нотижорат ташкилотининг маслаҳат бюролари тармоғи орқали юридик хизматлар ва амалий ҳуқуқий ёрдамлардан фойдаланган ҳолда эришиш мумкин.

Шунингдек, ногиронларнинг, айниқса, чекка ҳудудларда ногиронларнинг ҳуқуқий онгини оширишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш учун ногиронлар НТТларининг ташкилий салоҳиятини кучайтириш ва молиялаштиришни таъминлаш зарур.

Энг муҳими, биз ногиронларнинг камситилишлардан ҳимоя қилиш ҳуқуқларини амалга оширишнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқишимиз керак; ногиронларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари билан қурилиш лойиҳаларини атроф-муҳитга қулайлик ва универсал дизайн тамойилларига жавоб беришини мувофиқлаштириш; сифатли таълим ва муносиб иш ўринлари, шунингдек, муносиб турмуш даражасини билан таъминлашимиз зарур.

Муаллифларнинг фикри таҳририят фикрлари билан мос келмаслиги мумкин.

Ойбек Исоқов — ҳуқуқшунос, республика бўйлаб 28 та ногиронларнинг жамоат ташкилотларини бирлаштирган соябон ташкилот — Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси раиси.

Дилмурод Юсупов — Сассекс университети (Буюк Британия) Тараққиёт тадқиқотлари институти докторанти — инклюзив ривожланиш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар масалалари бўйича тадқиқотчи.