28 октябрдан 29 октябрга ўтар кечаси Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Омон Матжон Тошкентда вафот этди деб хабар берди Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати.

Омон Матжон 1943 йили Хоразм вилоятининг Гурлан туманида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатгач, Самарқанд давлат университетида таҳсил олди. 1969−2002-йиллар мобайнида Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир, бўлим бошлиғи, «Ёшлик» журналида бош муҳаррир, «Чўлпон» нашриётида директор бўлиб ишлади.

Омон Матжон ижодида «Чўлдагилар» достон хроникаси, «Гаплашадиган вақтлар» шеърий қиссаси алоҳида ўрин эгаллайди. Улар ўзининг янгича шакли, оҳанги билан китобхон эътиборини тортади.

Шоирнинг 2000 йили «Авесто»нинг 2700 йиллигига бағишланган «Ардахива» асари чоп этилди.

Омон Матжон чет эл адабиётидан кўплаб намуналарни ўзбек тилига ўгирган. Хусусан, Ф.Шиллер, Ш. Бодлер каби жаҳон классиклари, Е.Евтушенко, Р.Ҳамзатов, Ш. Петефи, Ю.Марцинкявичюс, Б.Кербобоев, Сухроб Тоҳир, И.Юсупов сингари шоир ва адиблар ижодидан қилган таржималари мавжуд.