Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев Ўзбек миллий академик драма театри директори этиб тайинланди, дея хабар берди Маданият вазирлиги матбуот хизмати.

Ёдгор Саъдиев 1946 йилда Тошкентда таваллуд топган. 1989 йили Давлат мукофоти, 2016 йили «Қорақалпоғистон Республикаси халқ артисти» фахрий унвони, 2018 йил «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан билан тақдирланган.

1971−1987 йилларда Ўзбек давлат академик драма театри актёри сифатида фаолият олиб борган. 1987−1992 йилларда Ўзбек давлат драма театрида ижод қилган. 1992−1998 йилларда яна Ўзбек давлат академик драма театрида ишлади.

1998−2012 йилларда «Қалқон» киностудияси бадиий раҳбари лавозимида фаолият юритган. 2012 йилдан бери яна Ўзбек миллий академик драма театрида актёр сифатида ишлаб келмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбек миллий академик драма театрининг аввалги директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фатхулла Масъудов шу йилнинг август ойида вафот этган эди.