29 октябрь куни Жаҳон банки Ижрочи директорлар кенгаши «Ўзбекистонда миллий инновацион тизимни модернизация қилиш» лойиҳасини амалга ошириш учун 50 млн доллар миқдорида маблағ ажратишни маъқуллади, дея хабар берди ЖБ матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Лойиҳа давлат илмий-тадқиқот институтлари (ИТИ) ва университетларда халқаро даражадаги тадқиқотларни ўтказишга ҳисса қўшади ва уларнинг иш натижаларини тижоратлаштиришга имкон беради. Ушбу ташкилотларнинг тадқиқотчилари 50 га яқин илмий-тадқиқот ишларини, шу жумладан халқаро тадқиқотчилар ва хусусий сектор иштирокидаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишни молиялаштирадиган грантларга ариза топширишлари мумкин.

Тадқиқот мавзулари қайта тикланадиган энергия манбалари, кам углеродли технологиялар, тиббиёт ва вирусология соҳасидаги турли мавзулар, шу жумладан COVID-19 ҳамда бошқа илм-фан ва технологияларнинг истиқболли йўналишлари бўйича бўлиши мумкин. Лойиҳа доирасида молиялаштириладиган тадқиқотлар натижалари бўйича халқаро эксперт журналларида 50 га яқин мақолаларни нашр этиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, маҳаллий фирма ва компаниялар маҳаллий ҳамда халқаро бозорларда талабга жавоб берадиган янги ёки мавжуд инновацион маҳсулотлар ва хизматларнинг стартап ва илмий-тадқиқот ишларига сармоя киритиш учун 30 га яқин грант олишлари мумкин. Масалан, улар тиббиёт, фармацевтика ва биотехнологик маҳсулотлар ва хизматларни ишлаб чиқаришда, шунингдек илм-фан ва технологиянинг бошқа истиқболли йўналишларида лойиҳаларни молиялаштиришга ариза топширишлари мумкин бўлади.

Таниқли хорижий олимлар, тажрибали венчур капиталистлар ва илм-фан, технология ва инновациялар бўйича мутахассислардан ташкил топган халқаро маслаҳат кенгаши молиялаштириш ва тегишли тадқиқот таклифларини танлаш тўғрисида қарор қабул қилади. Улар таклиф этилаётган тадқиқотнинг илмий қиймати, инновацион салоҳияти ёки ижтимоий-иқтисодий аҳамиятини акс эттирадиган аниқ ва объектив мезонларга асосланиб қарор чиқаради.

Лойиҳа доирасида алоҳида илмий-тадқиқот институтлари инфратузилмаси ва лабораторияларини модернизация қилишга маблағлар ажратилади, уларнинг рўйхати тегишли ташкилотларнинг эҳтиёжларини ҳар томонлама баҳолагандан сўнг Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Шунингдек, лойиҳа маблағлари Ўзбекистонда илмий-тадқиқот ва инновацияларни тижоратлаштиришни тартибга солиш учун зарур бўлган қонунчилик базасини тайёрлашга ҳамда ушбу соҳаларда тегишли институционал ислоҳотларни ўтказишга сарфланади.