Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати ҳозирги пайтда ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида ислом динига хос бўлмаган радикал, диний экстремистик ғояларни тарғиб қилувчи турли материаллар тарқатилаётганини таъкидлади.

«Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига турли радикал, диний экстремистик ва ислом динига ёт бўлган ғояларни тарғиб қилувчи маълумотларни тайёрлаш, сақлаш ва тарқатиш Жиноят кодексининг 156-модда (миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш), 244-модда 3-банди (диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) ларида белгиланган жавобгарликка тортилишига сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантирамиз», — дейилади ИИВ баёнотида.

Шунингдек, вазирлик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, жумладан журналистлар ва блоггерларни маълумотни оммага тақдим этишдан олдин текширишга чақирди.

Мурожаатга Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) директори Асаджон Хўжаев ҳам қўшилди.

«Ҳозирда ижтимоий тармоқларда динлараро адоват, нафрат ва муросасизликни қўзғатишга қаратилган турли хил фото ва видео материаллар фаол равишда тарқатилмоқда», — дея ёзди агентлик раҳбари Facebook саҳифасида.

«Баъзи бир фуқароларимиз ушбу фото ва видеоматериалларни кўплаб бошқа фойдаланувчилар кўриш имконига эга бўлган гуруҳларда ёки ўз саҳифаларида жойлаштиришмоқда», — дея қўшимча қилди у.

Асаджон Хўжаев бундай фуқаролар ўзлари билмаган ҳолда қонун билан тақиқланган маълумотни тарқатишнинг билвосита иштирокчисига айланишларини ва тақиқланган маълумотларни тарқатиш учун жавобгарликка тортилиши мумкинлигини таъкидлади.

Шуни таъкидлаш керакки, Ички ишлар вазирлиги ҳам, АОКА директори ҳам гап қандай материаллар ҳақида кетаётганини аниқлаштиришмади.