Эпидемия тарқалиши кескин кўпайгани сабабли Франция ҳукумати 30 октябрдан 1 декабргача умуммиллий карантин жорий қилди. Чоршанба куни бу ҳақда президент Эммануэль Макрон махсус телемурожаатида эълон қилди, деб ҳабар бермоқда Euronews.

Фуқаролардан фақат асосий истеъмол маҳсулотларини харид қилиш, иш жойларига ва яқинларни кўргани бориш учунгина уйларни тарк этиш сўралмоқда. Баҳорги карантиндан фарқли ўлароқ, болалар боғчалари ва мактаблар ёпилмайди. Университет талабаларига масофавий таълимни имконият даражасида ташкил этиш таклифи берилади. Қариндошлардан хабар олиб туриш учун қариялар уйлари ҳам санитария чораларига қатъий риоя қилган ҳолда очиқ бўлиши айтилмоқда. Асосий эҳтиёжлар рўйхатида бўлмаган ресторан, бар ва савдо марказлари ёпилади.

«Европада барчамизни коронавирус ларзага солди. Испания, Ирландия, Нидерландия каби мамлакатлар биздан олдин карантин чораларини кучайтирди. Бироқ, барибир, барчамиз яна бир аҳволга келдик: янада йирик ва ўлим ҳолатларини кучайтирадиган коронавируснинг иккинчи тўлқинига дучор бўлдик», — деб Euronews Эммануэль Макроннинг сўзларини келтирмоқда.

«Иқтисодиёт тўхтамаслиги, таназзулга учрамаслиги керак», — деб таъкидлаб ўтди Франция раҳбари. Шу сабабли давлат муассасалари, завод ва қишлоқ хўжалиги ташкилотлари ишлашда давом этади.

Германияда 2 ноябрдан ойнинг охиригача енгил вариантдаги локдаун жорий қилинади, деб ёзмоқда Euronews. Бу ҳакда Германия канцлери Ангела Меркель чоршанба куни эълон қилди.

Чоралар асосан максимал даражада одамлар ўртасидаги мулоқотни чеклаб, вируснинг кенг тарқалишининг олдини олишга қаратилган, мактаб ва болалар боғчалари очиқ бўлади, деб таъкидлайди Германия раҳбари.

Ой давомида ресторан, паб, кинотеатрлар, савдо ярмаркалари, театр ва фитнесс-марказлари ёпилади. Барча спорт тадбирлари, хусусан футбол ҳам, ёпиқ эшиклар ортида ўтказилади, ҳаваскорларнинг машғулотлари эса — таъқиқланади.

Дўконлар 10 кв. м га битта харидор бўлиши кераклиги талабига асосан очиқ бўлади. Одамлар уйдан ташқари энг кўпи билан 10 кишидан йиғилишига рухсат бор.

Германия пандемия сабабли молиявий зарар кўрганларга 10 млрд еврони фавқулодда қўшимча ёрдам сифатида ажратади, деб аниқлик киритди Euronews.