Тайванда 200 кун мобайнида коронавирусга чалиниш янги ҳолатлари кузатилмади

Тайванда 200 кундан ортиқ давр мобайнида COVID-19 инфекциясини юқтириш ҳолатлари кузатилмади. Бундай натижага эришиш учун ҳукумат тезкор чоралар ва карантин қоидалари устуворлигини таъминлашда технологиялардан фойдалангани ёрдам берди. Тайвань эпидемиянинг бошида қаттиқ чоралар кўрди, жумладан бутун аҳоли ниқоб тақишга мажбурланди, йил бошида барча мамлакат чегаралари ёпилди, юқумли касалликларга чалиниш ҳолатларини кузатиш учун энг янги технологиялардан фойдаланилди. — Bloomberg

NASA ва ЕKA Ой яқинида орбитал станцияни яратишади

Фото: nasa.gov/gateway

NASA ва Европа космик агентлиги (ЕSA) Artemis Gateway келишувини имзолаб, биргаликда Gateway Ой яқинидаги орбитал станцияни яратишга келишишди. Келишувга кўра, ЕSA Gateway учун бошқариладиган ва ёнилғи қуйиш модулларини, шунингдек алоқа ускуналарини тақдим этади. ЕSA, шунингдек, Aмериканинг «Orion» космик кемаси учун одамларни Ернинг табиий сунъий йўлдошига юбориш учун мўлжалланган модулини яратишга масъулият олган. — NASA

Кипрда карантинга қарши намойишлар бўлиб ўтди

Кипрнинг Лимасол шаҳрида коронавирус чекловларига қарши уюштирилган намойишлар тартибсизликларга айланиб кетди. Митингда қатнашган 400 га яқин киши комендантлик соати бекор қилинишини ва 5G алоқа ускуналарини ўрнатишга йўл қўймасликни талаб қилди. Намойишлар вақтида бир неча полиция зобити ва ҳарбий хизматчилари жароҳат олишди. — Philenews

Ниццада номаълум шахс черков яқинида одамларга пичоқ билан ҳужум қилди

Номаълум шахс Франциянинг Ницца шаҳридаги Нотр-Дам черковида одамларга пичоқ билан ҳужум қилди. Ҳодиса эрталаб соат 9:00 атрофида юз берган. Дастлабки маълумотларга кўра, уч киши ҳалок бўлган ва бир неча киши яраланган. Қурбонлардан бирининг боши олинган. Ҳужум қилган шахс ҳибсга олинган, шаҳар мэри Кристиан Эстрози буни тасдиқлади ва воқеани теракт деб атади. — Газета.uz

Франция ва Германия яна оммавий карантин эълон қилди

Эпидемия тарқалиши кескин кўпайгани сабабли Франция ҳукумати 30 октябрдан 1 декабргача умуммиллий карантин жорий қилди. Чоршанба куни бу ҳақда президент Эммануэль Макрон махсус телемурожаатида эълон қилди. Фуқаролардан фақат асосий истеъмол маҳсулотларини харид қилиш, иш жойларига ва яқинларни кўргани бориш учунгина уйларни тарк этиш сўралмоқда. Баҳорги карантиндан фарқли ўлароқ, болалар боғчалари ва мактаблар ёпилмайди. Университет талабаларига масофавий таълимни имконият даражасида ташкил этиш таклифи берилади. Қариндошлардан хабар олиб туриш учун қариялар уйлари ҳам санитария чораларига қатъий риоя қилган ҳолда очиқ бўлиши айтилмоқда. Асосий эҳтиёжлар рўйхатида бўлмаган ресторан, бар ва савдо марказлари ёпилади. — Газета.uz