Абхазияда қолиб кетган фуқароларининг 299 кишидан иборат иккинчи гуруҳи Сочи шаҳридан Uzbekistan Airways чартер рейслари билан Ўзбекистонга қайтарилди, дея хабар берди Ўзбекистон ТИВ Оператив штаби ахборот хизмати.

Аввалроқ, 9 октябрь куни «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ махсус поездида ёрдамга муҳтож (ҳомиладор аёллар, қариялар, касаллар ва болали аёллар) 19 нафар фуқародан иборат биринчи гуруҳ ватанга қайтарилган эди.

Айни пайтда Ўзбекистон дипломатлари ушбу чегараолди ҳудудида бўлиб, Абхазиядаги ўзбекистонликлар билан боғлиқ вазиятни назорат қилмоқда, дея таъкидлади ТИВ. Ҳозирги вақтда Россия томони билан Россия ҳудуди орқали Абхазияда қолган Ўзбекистон фуқароларини мамлакатга олиб келишни ташкил этиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Шу муносабат билан яқин вақт ичида Сочи шаҳридан навбатдаги чартер рейсларни амалга ошириш кутилмоқда.

Сентябрь ойи охирида Ташқи ишлар вазирлиги Абхазия ҳудудида бўлган 400 га яқин ўзбекистонлик элчихоналарга ўз уйларига қайтишига ёрдам бериш илтимоси билан мурожаат қилгани ҳақида маълумот берган эди.