Вазирлар Маҳкамасининг «Кунлик меҳнат марказлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Лойиҳага кўра, Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари филиали ҳисобланмиш Вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш бюроларини Кунлик меҳнат марказлари сифатида қайта ташкил кўзда тутилган.

Кунлик меҳнат марказларининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланмоқда:

  • вақтинчалик бир марталик ишларга ёлланишда рўйхатга олинган фуқароларга хизматлар кўрсатиш;
  • фуқароларни ишга ёллашда иш берувчи жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш, жумладан, буюртмалар олиш;
  • фуқароларни ўзини ўзи банд қилган сифатида рўйхатдан ўтиши ва электрон (қоғоз) шаклдаги маълумотнома олишига шарт-шароит яратиш;
  • фуқароларни ўз хоҳишига кўра амалга ошираётган фаолият турлари (хизматлар) реклама шаклида ОАВлари, жумладан, интернет орқали бепул эълон қилиш;
  • вакант иш ўринлари тўғрисида маълумот бериб бориш ва доимий ишга жойлаштириш;
  • ишчиларга меҳнат қуроллари (пайвандлаш аппаратлари, перфораторлар, ўсимликларга ишлов бериш қурилмалари, дурадгорлик, чилангарлик ва қурилиш ускуналари ва ҳоказоларни), шахсий ҳимоя воситалари ва махсус кийимларни ижарага бериш;
  • жамоат тартибини сақлаш, ишчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва улар томонидан қонунчиликни бузиш ҳолатларини олдини олиш.

Ҳужжат лойиҳасида Кунлик меҳнат марказида туман (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори томонидан тайинланадиган 2 нафар ишга жойлаштириш мутахассислари фаолият юритиши қайд этилмоқда.

Шунингдек, туман (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директорининг ўринбосари бир вақтнинг ўзида ҳудуддаги Кунлик меҳнат марказининг раҳбари бўлиши таъкидланмоқда.

Бундан ташқари, «Mening ishim» буюртмалар биржаси онлайн-майдонини ишга тушуриш таклиф этилмоқда.

Мазкур биржада ўзини ўзи банд қилган фуқароларнинг фаолият турлари тўғрисида ҳамда буюртма берувчилар ҳақида маълумотлар эълон қилиб борилади. Шунингдек, хизмат ва ишларни реклама қилиш, корхоналар ўртасида кунлик ва узоқ муддатли оферта шартномасини тузиш, қолаверса, смартфонлар, планшетлар ва бошқа мобил қурилмаларда ишлашга мўлжалланган мобил илова яратилади.

Бир марталик ишлар тўғрисидаги кунлик маълумотлар ва ўзини ўзи банд қилган фуқароларнинг фаолият турлари (хизматлари, ишлари) тўғрисидаги эълонлар «Mening ishim» буюртмалар биржаси онлайн майдони орқали бепул эълон қилинади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан таклиф этилаётган қарор лойиҳаси муҳокамаси 11 ноябрга қадар давом этади.