Аввалроқ, президент «Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони қабул қилингани ҳақида хабар бергандик.

Мазкур ҳужжат билан трансформация қилинадиган йирик давлат корхоналари ва хўжалик бирлашмалари рўйхати тасдиқланмоқда.

Унга кўра, «Ўзавтосаноат» АЖ (давлат улуши 100%), «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ (100%), «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ (100%), Uzbekistan Airways АЖ (100%), Uzbekistan Airports АЖ (100%), «Ўздонмаҳсулот» АЖ (100%), «Ўзагросуғурта» АЖ (94%), «Ўзсувтаъминот» АЖ (100%) ва бошқа жамиятлар трансформация қилинади.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Коррупцияга қарши курашиш қўмитаси, Давлат активлари агентлиги 2020 йил 1 декабрга қадар рақобат муҳитига таъсир қиладиган имтиёз ва преференцияларни хатловдан ўтказади. Уларни бекор қилиш бўйича қарор лойиҳасини ишлаб чиқиб, президент администрациясига киритиши белгиланмоқда.

Бундан ташқари, Молия вазирлиги марказий аппарати тузилмасида Давлат иштирокидаги йирик корхоналарни трансформация қилиш департаменти ташкил этилади. Департаментга 24 та штат бирлиги ажратилмоқда, улар молия ва давлат солиқ хизмати органларининг 12 тадан штат бирлигини қисқартириш ҳисобидан шакллантирилади.