Аввалроқ президентнинг «Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони қабул қилингани ҳақда хабар бергандик.

Унга мувофиқ, яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича Махсус комиссия ташкил этилади. Унинг ички органи сифатида Молия вазирлиги белгиланади. Ҳудудларда эса ҳокимлар бошчилигидаги ҳудудий комиссиялар тузилади. Бунда яширин иқтисодиёт «кўп векторли» тусга эга экани, кўплаб вазирлик ва идораларнинг иштироки талаб этилиши эътиборга олинган.

Махсус комиссияга Жаҳон банки ва бошқа халқаро институтлар билан ҳамкорликда Яширин иқтисодиётнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш стратегиясини, Марказий банкка эса нақдсиз ҳисоб-китоб тизимини ривожлантиришнинг узоқ муддатли стратегиясини ишлаб чиқиш юклатилмоқда.

Президент фармонида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, яширин иқтисодиётга қарши курашишга кенг жамоатчилик, ННТ ва ОАВни жалб қилиш, жамиятда муросасизлик ҳиссини шакллантириш, легал бизнес юритишнинг нуфузини ошириш бўйича тарғибот ишларини жадаллаштириш мақсад қилинган. Бу бўйича алоҳида «Медиа-режа» ишлаб чиқилади.

Фармон ижроси қуйидаги тартибда ташкил этилади:

  • яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича Махсус комиссия ва ҳудудий комиссиялар тузилади, кўрсатилган чоралар ижросининг бориши йиғилишларда ҳар ҳафта кўриб чиқилади.
  • вазирлик ва идораларнинг яширин иқтисодиётга қарши курашишдаги фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича «йўл харитаси»да назарда тутилган чоралар сўзсиз бажарилади;
  • яширин иқтисодиётга қарши курашишда иштирок этаётган вазирлик ва идоралар ўртасида турли даражаларда яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйилади;

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Ҳисоб палатаси раҳбарлари ҳудудларга чиқиб, ҳудудий комиссияларнинг самарали фаолиятини ташкил этади.

Бундан ташқари, Халқ таълими вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, «Ҳудудгазтаъминот», «Ҳудудий электр тармоқлари», «Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамиятлари тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича самарали ички назорат (комплаенс-назорат) тизимини жорий қиланди.

Марказлашган молиялаштириш манбалари ҳисобидан амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини мажбурий ўтказиш тартиби жорий қилинади. Бу тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритилади.

Давлат органларида, шу жумладан ҳудудларда коррупция даражасини рейтинг баҳолаш методикасини ишлаб чиқиш, шунингдек, рейтинг натижаларини даврий эълон қилиш ҳамда раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини баҳолаш тизими жорий қилинади.

Рейтинг коррупцияга энг мойил бўлган идоралар мониторингини амалга ошириш имконини бериши, қолаверса, раҳбарларнинг шахсий масъулиятини ошириш назарда тутилган.

Фармонда турли вазирлик ва идораларнинг яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича ўзаро мувофиқлашган фаолиятини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.