Ўзбекистон мусулмонлари идораси Муҳаммад пайғамбар (алайҳиссалом) акс эттирилган карикатура чоп этилиши ва унинг ортидан келиб чиққан турли кўнгилсиз ҳолатлар борасидаги айрим баҳс-мунозаралар бўйича муносабат билдирди.

«Ўзбекистон мусулмонлари идораси мўмин-мусулмонларнинг ҳиссиётини қўзғаш, фитна чиқариш ва диний қадриятлар, муқаддасотларга нисбатан ҳақоратни ифодаловчи ҳар қандай ҳолатни жиддий қоралашини ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шаънлари мўмин-мусулмонлар учун энг олий қадрият эканини қатъий таъкидлайди», — дейилади баёнотда.

Идора бу каби муносабатлар халқлар ўртасидаги ўзаро тотувликни бузишга қаратилган фитна ҳамда одамларнинг диний эътиқоди билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлаш, диний қадриятларни оёқ ости қилиш, миллатлараро ва динлараро адоват уйғотиш, деб баҳолади.

«Таъкидлаш керакки, ким бўлишидан қатъи назар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳар қанча камситишга уринмасин ёки мусулмонлар ё Ислом динига тош отмасин, бу билан динимизга ёки мусулмонларга заррача ҳам зиён етказа олмайди», — дейилади мусулмонлар идораси баёнотида.

Мусулмонлар идораси ушбу ҳолатга нисбатан турли муносабат билдираётган ўзбекистонликларга ҳам мурожаат қилди.

«Бу ҳолатдан уларнинг имон-эътиқодлари жўш ургани, ўй-кечинмалари тинчлик бермаётгани ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари туғён қилаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Энди бир фараз қилиб кўрайлик, мана шундай ҳолатда Набий алайҳиссалом қандай йўл тутар эдилар. Албатта, сийрат ва тафсир китобларида бундай ҳолатларнинг батафсил баёни келган, аксариятимиз уларни мутолаа қилганмиз», — дейилади баёнотда.

Мусулмонлар идораси тафсир китобларида дин душманларига қўпол муомалада бўлиб, уларнинг «илоҳ"лари ва пешволарини сўкишдан қайтарилгани баён этилганини эслатиб ўтди. «Агар ҳақоратга биз ҳам ҳақорат билан жавоб қайтарсак, бундай жирканч ишнинг иккинчи тўлқинига сабаб бўлиш эҳтимоли жуда катта. Бу фойдадан кўра, кўпроқ зарар келтиради».

Баёнотда Қуръондан қуйидаги ояти карима эслатиб ўтилган: «Уларнинг Аллоҳдан ўзга ибодат қиладиганларини сўкмангиз. Бас, билмасдан зулм ила Аллоҳни сўкиб юрмасинлар. Шундай қилиб, ҳар бир умматга амалини зийнатлаб қўйдик. Сўнгра эса, қайтиб борадиган жойлари Роббиларигадир. Бас, У, қилиб юрган ишларининг хабарини берур» (Анъом сураси, 108-оят).

«Эътибор берилса, ушбу ояти каримада мушрикларнинг бутларини ҳақорат қилмаслик буюрилмоқда. Зеро, мусулмон киши мушрикнинг санамини сўкса, бундан ғазабланган мушрикнинг ҳам бунга жавобан Аллоҳ таолони ҳақорат қилишига сабабчи бўлиб қолади. Демак, биз ҳам мўмин-мусулмонлар Муҳаммад алайҳиссаломни ҳақорат қилишга сабаб бўладиган ҳар қандай ишдан ҳазар қилмоғимиз керак», — дея таъкидлайди мусулмонлар идораси.

Мусулмонлар идораси ислом динини террор билан ёнма-ён қўядиганларга мурожаат қилиб, Миср бош имоми, ал-Азҳар мажмуаси шайхи Аҳмад Муҳаммад Тоййибнинг қуйидаги сўзларини келтиради: «Исломни терроризм деб аташ ушбу соф дин ҳақида ҳеч нарса билмасликни англатади. Яна бу иш ўзгалар эътиқодига ҳурматсизликни ифодаловчи мулоҳазасизликдир. Адоват ва зўравонликка очиқ чақирув, ўрта асрлар ваҳшийлигига қайтиш ва икки миллиардга яқин мусулмонларнинг туйғуларини қўзғатувчи фитнадир».

Ўзбекистон мусулмонлар идораси «мусулмон киши ҳадисларда келтирилганидек, доимо ҳушёр, зийрак бўлиши, атрофда содир бўлаётган ҳар хил фитна ва қалтис жараёнларга теран назар ила боқиши лозим"лигин таъкидлайди. «Бундай ҳаракатларга нисбатан тажовузкорона эмас, балки Пайғамбар алайҳиссаломга хос босиқлик ва зукколик билан муносабат билдиришимиз керак».

Эслатиб ўтамиз, 23 октябрдан бошлаб Яқин Шарқдаги ижтимоий тармоқларда Франция ва француз маҳсулотларини бойкот қилишга чақириқлар тарқалмоқда. Норозиликларга Франция президенти Эммануэль Макроннинг мамлакатда сўз эркинлиги, шу жумладан карикатуралардан воз кечилмаслиги ҳақидаги айтган гаплари сабаб бўлди. Макроннинг баёноти олдинроқ 18 ёшли мусулмон муҳожир, Абдулах Анзоров томонидан ўлдирилган француз тарихи ва географияси ўқитувчиси Самюэль Пати хотирасига бағишланган тадбирда берилган. Самюэль Пати ўз ўқувчиларига синфда Charlie Hebdo нинг Муҳаммад пайғамбар тасвирланган карикатурасини намойиш этган эди.