Президент Шавкат Мирзиёев 27 октябрь куни «Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида"ги қонунни имзолади.

Ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан 22 июлда қабул қилинган, Сенат эса 11 сентябрда мақуллаган.

Қонунга кўра, аҳолига наркологик ёрдам давлат наркология муассасалари ёки лицензияга эга бўлган хусусий тиббиёт муассасалари томонидан кўрсатилади.

Наркологик касалликка чалинган шахсни даволаш унинг ёки қонуний вакилининг ёзма розилиги олинганидан кейин амалга оширилади. Мажбурий даволаш ҳолатлари бундан мустасно.

Наркология диспансерлари таркибидаги ихтисослаштирилган тиббий комиссиялар томонидан бемор мажбурий даволашга муҳтож ёки йўқлиги аниқланади. Мажбурий даволаш эса суд қарори асосида амалга оширилади.

Мажбурий даволаш давомийлиги шахс даволаш учун жойлаштирилган кундан эътиборан 5 кунлик муддатда наркология муассасасининг тиббий комиссияси томонидан белгиланади ва давомийлиги 18 ойдан кўп бўлиши мумкин эмас.

Қонун билан мажбурий даволаниш даврида шахсларни даволаш мақсадида уларга меҳнат терапияси қўлланилиши мумкин.

Наркологик касалликларга чалинган, мажбурий даволаниб чиққан шахслар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартибда қайта текширувдан ўтиши шарт. Касаллик қайталанишига қарши терапиядан ўтишдан бош тортган тақдирда, ички ишлар органлари томонидан мажбурий равишда олиб келинади.

Мажбурий даволаниб чиққан шахсларни ишга жойлаштириш маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, ички ишлар органлари, меҳнат органлари ҳамда наркология муассасалари зиммасига юклатилади.

Қонунга кўра, давлат:

  • психоактив моддалардан ўткир заҳарланиш натижасидаги психозлар чоғида шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилишини;
  • амбулатория ва стационар шароитларда маслаҳат бериш-ташхис қўйилишини, даволашни, психопрофилактик, реабилитация, ижтимоий ёрдам кўрсатилишини кафолатлайди.

Наркологик беморларни даволашда қатнашувчи тиббиёт ходимлари ва бошқа мутахассисларга алоҳида меҳнат шароитларида фаолият билан шуғулланувчи шахслар учун қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёзлар қўлланилади.

Наркологик ёрдам кўрсатишда иштирок этган шахс соғлиғига зарар етиб, меҳнат қобилиятини вақтинча йўқотган тақдирда, шунингдек, ногиронлик юз берганда — ушбу шахсга, у вафот этса — унинг қарамоғидагиларга зарар ўрни қоплаб берилади.

Мазкур қонун кучга киргач, «Сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка мубтало бўлган беморларни мажбурий даволаш тўғрисида"ги қонун ўз кучини йўқотади.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач, яъни 2021 йил январь ойи охирида кучга киради.